Бир соатдан кам давом этган бўрон шаҳарчани вайрон қилди: уч киши ҳалок бўлди
Маълум қилинишича, 8 мингга яқин уй қисман ёки тўлиқ вайрон бўлган.

Бразилиянинг Риу-Гранди-ду-Сул штатидаги Тупансирета шаҳрида кучли бўрон юз берди. Табиий офат оқибатида уч киши ҳалок бўлди, минглаб турар жойлар ва шаҳар инфратузилмасига зарар етди.
Маълум қилинишича, шаҳар ҳокими Густаво Терра 8,6 мингта турар жойдан қарийб 8 мингтаси қисман ёки тўлиқ вайрон бўлганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, бўрон савдо объектлари, саноат корхоналари, қишлоқ хўжалиги иншоотлари ва дон омборларига ҳам катта зарар етказган.
Табиий офат 20 ноябрь куни юз берган ва бир соатдан кам давом этган. Миллий метеорология институти маълумотларига кўра, шаҳарда шамол тезлиги соатига 114 километрга етган. Кучли шамол қарийб 100 та дарахтни қулатиб, йўлларни тўсиб қўйган, аҳолини электр энергияси ва сувсиз қолдирган.
Маҳаллий шифохонанинг томи учиб кетгани сабабли 11 нафар бемор эвакуация қилинган. Бўрон штатдаги яна 32 та муниципалитетга ҳам таъсир кўрсатган.
Метеорологлар ҳодисани кучли момақалдироқ тизими — суперҳужайра билан изоҳлаган. Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва зарар кўрган ҳудудларга фавқулодда хизматларни юборишни буюрган. Минтақавий ҳокимият эса оқибатларни бартараф этиш учун қарийб 330 минг доллар ажратган.
Айни пайтда қутқарувчилар вайроналарни тозалаш ва эҳтимолий жабрланганларни қидириш ишларини давом эттирмоқда.








