Эл-Ниньо 347 млн болага таҳдид солмоқда: UNICEF хавфдан огоҳлантирди
Эл-Ниньо кучли тошқинлар, қурғоқчилик, сув ва озиқ-овқат танқислиги ҳамда касалликлар хавфини ошириши мумкин.

2026 йил октябрь–декабрь ойларида Эл-Ниньо иқлим ҳодисаси сабаб 100 га яқин мамлакат ва ҳудуддаги 347 миллиондан ортиқ бола экстремал об-ҳаво шароитларига дуч келиши мумкин. Бу ҳақда UNICEF маълум қилди.
Ташкилот прогнозларига кўра, Эл-Ниньо айрим ҳудудларда одатдагидан анча нам ёки қуруқ шароитларни юзага келтиради. Бу эса кучли сув тошқинлари, қурғоқчилик ва касалликлар тарқалиши хавфини ошириши мумкин.
UNICEF ижрочи директори Кэтрин Расселнинг таъкидлашича, Эл-Ниньо болалар учун шунчаки табиий иқлим ҳодисаси эмас. Унинг оқибатлари аҳоли кўчиши, тўйиб овқатланмаслик, сув танқислиги ва касалликлар авж олишига олиб келиши мумкин.
Хавф остидаги болаларнинг энг катта қисми Осиё-Тинч океани минтақасида — қарийб 190 миллион нафар. Шарқий ва Жанубий Африка, шунингдек, Лотин Америкаси ва Кариб денгизи ҳудудларининг ҳар бирида тахминан 41 миллион бола хавф остида қолиши мумкин.
UNICEF, шунингдек, кучли ёғингарчиликлар сув тошқинларини келтириб чиқариши, мактабларнинг ёпилиши ва болалар давоматининг камайишига сабаб бўлиши мумкинлигини билдирган. Ташкилот маълумотларига кўра, Эл-Ниньо билан боғлиқ иқлим ҳодисалари 2025 йилда дунё бўйлаб 171 миллион мактаб ўқувчисининг таълимига таъсир қилган.
Ташкилотнинг қайд этишича, дунё бўйича 1,1 миллиард бола — яъни барча болаларнинг қарийб ярми — аллақачон қурғоқчилик, ҳаддан ташқари иссиқлик ёки сув тошқини каби камида учта иқлим хавфига дучор бўлмоқда. Эл-Ниньо эса бу хавфларнинг оқибатларини янада кучайтириши мумкин.
UNICEF ҳукуматлар ва гуманитар ташкилотларни Эл-Ниньонинг эҳтимолий оқибатларига олдиндан тайёргарлик кўришга ҳамда болаларни ҳимоя қилиш чораларини кучайтиришга чақирди.
Эл-Ниньо — марказий ва шарқий экваториал Тинч океанида сув ҳароратининг одатдагидан юқори бўлиши билан боғлиқ табиий иқлим ҳодисаси. У одатда ҳар икки–етти йилда бир марта кузатилади ва дунёнинг турли ҳудудларида ҳарорат ҳамда ёғингарчилик режимига таъсир кўрсатади.







