Макка келишуви амалда: Туркия ва Покистон қўшинларини Саудия Арабистонига тезкор жойлаштириш чораларини кўради
Макка ва Мадинага қилинган ҳужумларга уринишлар ҳамда Саудия Арабистонидаги фуқаролик ва иқтисодий объектларга таҳдидлар қораланди.

Туркия ва Покистон Саудия Арабистони хавфсизлигини таъминлаш учун қиролликка келишилган ҳарбий куч ва воситаларни тезкор жойлаштиришга қарор қилди. Бу ҳақда 5 октябрь куни Ар-Риёдда бўлиб ўтган Макка иттифоқининг Стратегик-сиёсий ва мудофаа қўмитаси фавқулодда йиғилишидан сўнг эълон қилинган қўшма баёнотда маълум қилинди.
Йиғилишда Саудия Арабистони олдида турган хавфсизлик муаммолари ва таҳдидлар муҳокама қилинди.
Томонлар коллектив мудофаа мажбуриятларини амалий жиҳатдан бажаришга дарҳол киришиш, келишилган ҳарбий куч ва имкониятларни таъминлаш ҳамда уларни Саудия Арабистонига тезкор жойлаштириш учун зарур чораларни кўришга қарор қилган.
Баёнотда бу чоралар томонларнинг миллий қонунчилиги ва аввал тасдиқланган келишувлар асосида амалга оширилиши қайд этилган. Мақсад — ҳарбий тайёргарликни кучайтириш, кучларнинг ўзаро интеграциясини яхшилаш ва умумий таҳдидларга қарши курашиш имкониятларини ошириш.
Туркия ва Покистон, шунингдек, Саудия Арабистони Қуролли кучларининг ҳушёрлиги, жанговар тайёргарлиги ва таҳдидларга қарши курашдаги салоҳиятини юқори баҳолаган.
Томонлар Макка ва Мадинага ҳужум қилишга уринишларни, шунингдек, Саудия Арабистонидаги шаҳарлар, фуқаролик ва иқтисодий объектларга қаратилган ҳужумларни кескин қоралади. Қиролликнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига қарши ҳар қандай ҳужум ёки таҳдид рад этилиши таъкидланди.
Шунингдек, уч давлатдан ҳар бирининг хавфсизлиги умумий коллектив хавфсизликнинг ажралмас қисми экани қайд этилди.
Макка иттифоқининг Стратегик-сиёсий ва мудофаа қўмитаси йиғилишида Покистоннинг истеъфодаги генерал-лейтенанти Науман Маҳмуд иттифоқнинг уч йил муддатга биринчи бош котиби этиб тайинланди.
Мазкур қарорлар 7 август куни Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон томонидан имзоланган Макка мудофаа келишуви доирасида қабул қилинди. Келишув уч давлатдан бирининг хавфсизлигига тажовузни умумий мудофаа мажбуриятларини ишга туширувчи таҳдид сифатида кўришга асосланган.







