Жанубий Кореяда имтиҳон назорати кучайтирилди: 98 нафар абитуриент қоидабузарликка йўл қўйди
Назорат чоралари сунъий интеллект ёрдамида кўчириш билан боғлиқ можаро ортидан кучайтирилган.

Жанубий Кореяда олий таълим муассасаларига кириш бўйича умуммиллий имтиҳон (CSAT) давомида 98 нафар иштирокчи қоидабузарликка йўл қўйгани аниқланди. Бу ҳақда мамлакат Таълим вазирлиги маълум қилди, деб хабар бермоқда YNA.
Қоидабузарликларнинг 49 таси ҳукумат томонидан юборилган фавқулодда огоҳлантириш хабарлари ёрдамида аниқланган. Имтиҳон давомида мамлакат бўйлаб мобил телефонларга уч марта сигнал юборилган. Бу орқали имтиҳон бошланишидан олдин телефонларини топширмаган иштирокчиларни аниқлашга ҳаракат қилинган. Бундай огоҳлантиришлар телефон овозсиз режимда бўлса ҳам баланд овозда эшитилади.
Яна 44 киши бошқа электрон қурилмалар билан қўлга тушган. Беш ҳолатда эса улардан бевосита имтиҳон вақтида фойдаланилган. Хусусан, бир иштирокчи ақлли кўзойнакдан фойдаланган, бошқасидан миниатюр камера ва симсиз қулоқчинлар топилган. Яна бир киши имтиҳон варағини смартфон орқали суратга олган.
Мамлакат расмийлари яқинда сунъий интеллект ва электрон қурилмалардан фойдаланиш билан боғлиқ кўчирмачилик можаросидан кейин назорат чораларини кучайтирган. Имтиҳон хоналарига электрон қурилмаларни олиб кириш тақиқланган, иштирокчиларга фақат қалам олиб киришга рухсат берилган.
Шунингдек, уларнинг кўзойнаклари яширин камералар бор-йўқлигига текширилган, кийимдаги тугмалар эса махсус стикерлар билан ёпилган.
Таълим вазири ўринбосари Чхве Ин Ок ақлли қурилмалар ёрдамида кўчирмачилик қилганларга нисбатан янада қатъий жазо чоралари қўлланишини билдирган. Ҳукумат қоидабузарликда қўлга тушган шахсларга 10 йил давомида имтиҳонни қайта топширишни тақиқлашни ҳам режалаштирмоқда.
Назоратнинг кучайтирилишига солиқ маслаҳатчиси малакасини олиш имтиҳонида энг юқори натижани қайд этган иштирокчининг сунъий интеллект ва электрон қурилмалардан фойдаланиб кўчирганини тан олиши ҳам сабаб бўлган. Ушбу ҳолат юзасидан полиция тергов бошлаган.
Бундан ташқари, юридик факультетларга кириш имтиҳонида (LEET) максимал балл олган 32 ёшли эркакнинг ҳам сунъий интеллектдан фойдалангани гумон қилинган. Пайшанба куни у Сеулдаги мотеллардан бирида ўлик ҳолда топилган.







