2016 йилдан бери илк бор: Жанубий Кореяда вабо ҳолати қайд этилди
Бемор касаллик аниқланишидан олдинги икки ой давомида хорижга чиқмаган.

Жанубий Кореяда 2016 йилдан бери илк бор вабо касаллиги қайд этилди. Бу ҳақда Associated Press агентлиги мамлакат Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш агентлигига таяниб хабар берди.
Ноябрь ойи бошида жануби-шарқдаги Чангвон порт шаҳрида яшовчи бемор қусиш ва диарея аломатлари билан шифохонага мурожаат қилган. Ўтказилган тестлар унда вабо касаллиги борлигини тасдиқлаган.
Бемор даволанишдан сўнг соғайиб, шифохонадан чиқарилган. Маълум қилинишича, у касаллик аниқланишидан олдинги икки ой давомида хорижга чиқмаган.
Ҳозирда тиббиёт ходимлари инфекция манбасини ва бемор кимлар билан алоқада бўлганини аниқламоқда.
Жанубий Кореяда вабо касаллигининг сўнгги учта ҳолати 2016 йилда қайд этилган. Ўша пайтда касалликнинг ифлосланган денгиз маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлиши тахмин қилинган.
Мамлакат Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш агентлиги маълумотига кўра, вабо асосан ифлосланган сув ва озиқ-овқат орқали юқади. Касалликнинг энг кенг тарқалган аломати диарея бўлиб, оғир ҳолатларда кучли сувсизланиш ва шок юзага келиши мумкин.







