Иркутскдаги ўлат гумони: Ўзбекистоннинг эпидемиологик вазияти қандай?
Санэпидқўмита эпидемиологик вазият юзасидан изоҳ берди.

Ўзбекистонда ўлат касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.
Аввалроқ Россиянинг Иркутск шаҳрида ўлат касаллигига гумон қилинган ҳолат қайд этилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Нурмат Отабековнинг таъкидлашича, Россиянинг «Роспотребнадзор» хизмати расмий маълумотларига кўра, Иркутскда кузатилган ҳолатнинг ўлат касаллиги, хусусан, унинг ўпка шакли билан боғлиқлиги ҳозирча тасдиқланмаган. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли текширувлар давом этмоқда.
Мутахассиснинг қайд этишича, ўлат бактериялар сабаб юзага келадиган ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланади. Унинг табиий ўчоқлари дунёнинг айрим ҳудудларида мавжуд бўлиб, касаллик асосан майда сут эмизувчи ҳайвонлар орасида учрайди. Одамга эса кўпинча касалланган ҳайвонлар ёки улардаги бургаларнинг чақиши орқали юқиши мумкин.
Ўзбекистонда ўлат ва бошқа ўта хавфли юқумли касалликларнинг мамлакат ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича зарур профилактик чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, давлат чегарасини кесиб ўтиш жойларида — халқаро аэропортлар, темир йўл станциялари ва автомобиль йўлларида — 53 та санитария назорат пункти фаолият юритмоқда. Улар орқали мамлакатга кириб келаётган шахслар тиббий кузатувдан ўтказилади.
Бундан ташқари, ҳудудий санитария-эпидемиология хизматларининг ўта хавфли юқумли касалликларни аниқлашга ихтисослашган лабораториялари зарур диагностик воситалар, озуқа муҳитлари, реагентлар ва реактивлар билан таъминланган.
Санэпидқўм вакили мамлакатда ўлат касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор эканини ва ҳозирча хавотирланишга асос йўқлигини билдирди.








