“Бир сафарда бир нечта мамлакат”: Жапаров ягона сайёҳлик визасини таклиф қилди
Қирғизистон президенти Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон учун ягона сайёҳлик визасини жорий этишни илгари сурди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон учун ягона сайёҳлик визасини жорий этишни таклиф қилди.
Жапаровнинг таъкидлашича, олтита давлат бир-бирини тўлдирувчи туризм салоҳиятига эга. Тарихий шаҳарлар, тоғли ҳудудлар, Каспий денгизи йўналишлари ва бой маданий меросни ягона сайёҳлик маршрутларига бирлаштириш минтақанинг жозибадорлигини ошириши мумкин.
У “бир сафарда бир нечта мамлакат” тамойилига асосланган умумий сайёҳлик йўналишларини ривожлантиришни таклиф қилган. Шунингдек, ягона сайёҳлик визасини жорий этиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдириб, ташқи сиёсат идораларига унинг аниқ механизмларини ишлаб чиқишни топширишни таклиф этган.
Бу таклиф Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарларининг Аваза шаҳрида бўлиб ўтаётган маслаҳат учрашувида илгари сурилган.
2025 йилда Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида Озарбайжоннинг мазкур форматда тўлиқ иштирок этиши бўйича якдил қарор қабул қилинган эди.








