Чиқиб кетиш учун пул тўланади: Таиланд мамлакатдан чиқиш солиғини жорий этишни таклиф қилди
Дастлаб тўлов фақат ҳаво орқали мамлакатни тарк этаётган йўловчиларга нисбатан қўлланади.

Таиланд Молия вазирлиги мамлакатдан чиқиб кетаётган йўловчилардан янги солиқ ундиришни таклиф қилди. Таклиф дастлаб ҳаво йўли орқали мамлакатни тарк этаётган йўловчиларга нисбатан қўлланиши мумкин.
The Nation нашрининг қонун лойиҳасига таяниб хабар беришича, янги чиқиш солиғи миқдори дастлаб 1000 баҳт — тахминан 30 долларни ташкил этиши таклиф қилинмоқда. Қонун лойиҳасида тўловнинг юқори чегараси 5000 баҳт этиб белгиланган.
Таклиф маъқулланса, солиқ Таиланддан самолётда чиқиб кетаётган барча йўловчилардан, жумладан хорижий фуқаролардан ҳам ундирилади. Қуруқлик ва денгиз орқали мамлакатни тарк этаётган йўловчилар эса дастлаб ушбу тўловдан озод қилинади.
Таиланд қироллик оиласи аъзолари ва уларнинг ҳамроҳлари, буддист сангхасининг Олий патриархи, давлат раҳбарлари, расмий ҳукумат меҳмонлари ҳамда икки ёшгача бўлган болалар солиқ тўлашдан озод этилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, транзит ҳудудидан чиқмайдиган халқаро транзит рейслари йўловчилари, экипаж аъзолари ва бошқа транспорт ходимлари ҳам тўловдан озод қилинади.
Йўловчилар мамлакатдан чиқиб кетишдан олдин солиқни тўлаши керак бўлади. Нашр маълумотига кўра, амалиётда тўловни авиакомпаниялар ёки чипта агентликлари чипта харид қилиш жараёнида ундиришлари мумкин.
Солиқни тўламаслик учун унинг миқдоридан икки баравар кўп жарима белгиланиши таклиф қилинмоқда.
Таиланд Молия вазирлиги ушбу ташаббус давлат ресурсларидан самаралироқ фойдаланиш ва эҳтимолий фавқулодда вазиятларга жавоб бериш имкониятларини кенгайтиришга қаратилганини билдирган.








