Ортиқча кредит тўлови асосий қарзга йўналтирилмаяпти: Рақобат қўмитаси банклар амалиётига эътироз билдирди
Рақобат қўмитаси ушбу амалиётни қайта кўриб чиқиш юзасидан Марказий банкка таклиф юборди.

Рақобат қўмитаси кредит тўловлари бўйича ҳисоб-китоб механизмини истеъмолчилар манфаатларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш юзасидан Марказий банкка таклиф юборди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Қўмитага келиб тушган мурожаатларга кўра, айрим банкларда кредит учун ойлик тўловдан ортиқча тўланган маблағ асосий қарзни камайтиришга йўналтирилмай, транзит ҳисобварақларда сақланиб қолмоқда. Бунинг оқибатида асосий қарз камаймайди ва унга фоиз ҳисобланиши давом этади.
Хусусан, «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Ҳамкорбанк» кредит шартномаларида ортиқча тўловни асосий қарзга йўналтириш мажбурияти белгиланган бўлсада, амалиётда ушбу талаб бажарилмаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушган. Шунингдек, банкларнинг мобил иловаларида кредит тўловларини бошқариш имкониятлари етарли эмаслиги қайд этилган.
Қўмита фикрича, ортиқча тўланган маблағни асосий қарзга йўналтирмаслик ва унга фоиз ҳисоблашни давом эттириш истеъмолчилар ҳуқуқларига зид бўлиши мумкин.
Банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларни тартибга солувчи низомнинг 37-бандига кўра, шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ойлик тўловдан ортиқ тушган маблағ асосий қарзни сўндиришга йўналтирилиши ва кредит суммаси қайта ҳисобланиши лозим. Банк дастурий таъминотидаги носозликлар истеъмолчи мажбуриятларининг ортишига сабаб бўлмаслиги керак.
Рақобат қўмитаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кредит тўловларини ўз вақтида амалга оширадиган мижозлар манфаатларини таъминлаш мақсадида иккита таклиф киритди:
амалдаги тартиб ва хорижий тажрибани ҳисобга олиб, низомнинг ортиқча тўловларни асосий қарзга йўналтиришни белгиловчи 37-бандини қайта кўриб чиқиш;
кредит ҳисоб-китоблари, жумладан, кредитни муддатидан олдин сўндириш шартларини “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонун орқали тартибга солиш.
Қўмита маълумотига кўра, айрим хорижий давлатларда кредитни ортиқча тўлаш ва муддатидан олдин сўндириш бўйича алоҳида механизмлар мавжуд.
Масалан, АҚШнинг айрим банкларида мижозлар мобил иловадаги “Принсипал Онлй” функцияси орқали ортиқча маблағни бевосита асосий қарзга йўналтириши мумкин.
Россияда истеъмол кредитини муддатидан олдин сўндириш учун қўшимча ҳақ олиш назарда тутилмаган. Қозоғистонда эса кредитни муддатидан олдин жаримасиз сўндириш мумкин, қисман сўндиришда ойлик тўловни камайтириш ёки кредит муддатини қисқартириш имконияти мавжуд.
Европа Иттифоқида ҳам муддатидан олдин сўндириш натижасида қолган даврга тегишли фоизлар ва харажатларни камайтириш ҳуқуқи белгиланган.








