Савдо, транспорт ва киберхавфсизлик: Мирзиёев МДҲ доирасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилди
Президент ресурслардан самарали фойдаланиш ва айланма иқтисодиёт бўйича ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги мажлисида савдо-инвестиция алоқаларини ривожлантириш, транспорт ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича қатор таклифларни билдирди.
Давлат раҳбари Ҳамдўстликнинг 35 йиллик фаолияти давомида кўплаб ўзгаришлар юз берганига қарамай, мамлакатларни яқин инсоний муносабатлар, умумий тарих ва ҳамкорлик салоҳияти боғлаб туришини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, глобал зиддиятлар кучайиб, анъанавий иқтисодий алоқалар қайта шаклланаётган шароитда ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, позицияларни мувофиқлаштириш ва келишувларнинг амалий натижаларини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Президент давлатларнинг умумий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, савдо-инвестиция шериклигини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда оддий товар айирбошлашдан қўшилган қиймат занжирларини биргаликда яратишга босқичма-босқич ўтишни таклиф қилди.
Шунингдек, эркин савдо зонасининг тўлиқ ишлашини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Мирзиёев қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича давлат харидларида бозорларни ўзаро очишга доир битим ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик дастурини тез фурсатда келишиш ва тасдиқлашга умид билдирди.
Бундан ташқари, озиқ-овқат ва ўғитлар экспортига чекловлар киритишдан олдин ҳамкорларни хабардор қилиш ва маслаҳатлашиш механизмини жорий этиш таклиф қилинди.
Давлат раҳбари интеграциялашган логистика марказларини ташкил этиш, транзит харажатларини камайтириш, юк ташиш қоидаларини бирхиллаштириш ва МДҲнинг ягона транспорт ахборот тизимини шакллантиришни мақсадга мувофиқ деб атади.
Шунингдек, Туркманистоннинг 2029 йилни Ҳамдўстликнинг транспорт боғлиқлиги йили деб эълон қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Энергетика соҳасида эса минтақанинг яқин ўн йилликлардаги энергетик боғлиқлигини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли прогноз ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Мирзиёев кам углеродли технологияларни жадал жорий этиш ва ёпиқ циклдаги ишлаб чиқаришларни ривожлантириш муҳимлигини қайд этди. Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун МДҲнинг ресурслардан самарали фойдаланиш ва айланма иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Президент Давлатлараро гуманитар ҳамкорлик жамғармаси фаолияти форматини кенгайтириш орқали маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш имкониятлари мавжудлигини билдирди. Шунингдек, “Маданий сиёсат ва креатив индустриялар” форумини ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича эса МДҲ Ички ишлар вазирлари кенгашига қўшма алоқа марказини ташкил этиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқишни топшириш таклиф қилинди.








