Таълимда психологик назорат кучаяди: ўқувчилар ва педагоглар ҳар йили текширувдан ўтади
Натижалар сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиниб, эҳтиёжга қараб психологик ёрдам кўрсатилади.

“Узлуксиз таълим тизимида психологик хизмат соҳасини илмий асосда ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, барча таълим ташкилотларининг педагоглари, тарбиячилари, ўқувчилари, тарбияланувчилари ва талабалари бир ўқув йилида камида бир марта мақсадли психологик диагностикадан ўтказилади.
Мазкур тизим икки босқичда жорий этилади. Биринчи босқичда, 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб, мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари қамраб олинади. Иккинчи босқичда эса, 2027/2028-ўқув йилидан ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотларида йўлга қўйилади.
Психологик диагностика қандай ташкил этилади?
Диагностика Психология илмий-тадқиқот институти томонидан махсус электрон платформа орқали амалга оширилади. Бунда шахсга доир маълумотлар ва текширув натижаларининг махфийлиги таъминланиши белгиланган.
Олинган натижалар сунъий интеллект технологиялари ёрдамида таҳлил қилиниб, педагог ва ўқувчилар қуйидаги гуруҳларга ажратилади:
-
“Психологик барқарор”;
-
“Психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож”;
-
“Фаол психологик қўллаб-қувватлаш зарур”.
Психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож деб топилганларга таълим ташкилотининг психологи бириктирилади. Фаол психологик қўллаб-қувватлаш зарур бўлганлар билан эса тегишли ҳудуддаги ментор психологлар ишлайди.
Психологларни рағбатлантириш ва малакасини ошириш
Қарорда психологик хизмат ходимларининг малакасини ошириш ва уларни рағбатлантириш чоралари ҳам назарда тутилган.
Каскадли малака ошириш курсларига ўқитувчи сифатида жалб этилган психологларга курс давомида асосий иш жойидаги лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида устама тўланади.
Ўқув йили давомида психологик барқарорликни таъминлашда юқори натижаларга эришган 150 нафар ментор психологга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 баравари миқдорида бир марталик моддий рағбат берилади.
Шунингдек, таълим ташкилотларидаги психологик хизмат ходимлари ҳар беш йилда камида бир марта малака ошириши шарт этиб белгиланмоқда.
Психология илмий-тадқиқот институти ташкил этилади
Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетининг Психология ўқув-илмий маркази негизида Психология илмий-тадқиқот институти ташкил этилади. Институт Таълим ва илм-фан вазирлиги бўйсунувига ўтказилади.
2027 йил 1 январдан институтда Рақамли психология ва сунъий интеллект, Таълим психологияси ва психологик хизмат, Психологик саломатлик ва профилактика лабораториялари фаолияти йўлга қўйилади.








