Рекламаларда давлат тили талаблари бузилмоқда: 4 496 та камчилик аниқланди
Камчиликларнинг асосий қисми бошқа тилларда ёзилган пешлавҳа ва рекламаларга, шунингдек, имловий хатолар ҳамда сўзлар маъносининг бузилишига тааллуқли.

Ўзбекистонда реклама ва ташқи ёзувларнинг давлат тили талабларига мувофиқлиги юзасидан ўтказилган мониторингларда 4 496 та камчилик аниқланган. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Қўмита маълумотига кўра, жорий йил давомида республика ҳудудларида жами 16 057 та мониторинг ўтказилган. Натижада қуйидаги камчиликлар қайд этилган:
-
2 344 та пешлавҳа, ташқи ёзув ва бошқа эълонлар матни бошқа тилларда берилган;
-
975 та ташқи реклама матнида давлат тили талабларига риоя этилмаган;
-
841 та пешлавҳа, ташқи ёзув ва бошқа эълонда луғавий маъно бузилиши ҳамда имловий хатолар аниқланган;
-
336 та ташқи реклама воситасидаги матнларда ҳам шундай хатоларга йўл қўйилган.
Қўмита аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрган ва реклама ҳамда ахборот матнларини қонунчилик талабларига мувофиқлаштиришни таъминлаган.
Ўрганишлар давомида, хусусан, гўзаллик салонлари, автосервислар ва қурилиш материаллари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларга реклама жойлаштиришда давлат тили ҳамда реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиш юзасидан тушунтиришлар берилган.
«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилади. Реклама мазмуни қонунчиликда белгиланган талаблар асосида бошқа тилларда ҳам такрорланиши мумкин. Бунда товар ва хизмат кўрсатиш белгиларининг қонуний рўйхатдан ўтган асл шакли ҳамда тили сақланиши лозим.
Рақобат қўмитаси тадбиркорларни ташқи реклама, пешлавҳа ва ахборот кўрсаткичларини жойлаштиришда амалдаги қонунчилик талабларига риоя этишга чақирди. Бу йўналишдаги мониторинг ишлари давом эттирилмоқда.








