Brent нефти нархи 115 доллардан ошди: нархлар май ойидан бери энг юқори даражага чиқди
Нархларнинг кўтарилишига АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий зарбаларни қайта бошлаши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ҳам таъсир кўрсатди.

Brent маркали нефтнинг декабрь фьючерслари нархи Лондоннинг ICE биржасидаги савдоларда 1,69 фоизга ошиб, бир баррель учун 115,08 долларга етди. Бу кўрсаткич 2026 йил май ойи бошидан буён қайд этилган энг юқори нарх ҳисобланади.
Brent нефти нархи охирги марта 2026 йил 4 май куни бир баррель учун 115 доллардан ошган. Яна бир биржа маълумотларига кўра, Лондоннинг ICE Futures биржасида Brent нефтининг декабрь фьючерслари 1,34 фоизга қимматлашиб, бир баррель учун 114,69 долларни ташкил этган. Нью-Йоркнинг NYMEX биржасида WTI нефтининг фьючерслари эса 1,55 фоизга ошиб, бир баррель учун 101,01 долларга етган.
Бундан аввалги савдо кунида Brent нефти 4 фоизга, WTI эса 2,4 фоизга қимматлашган.
Нефть нархларининг кўтарилишига АҚШ ва Исроил қуролли кучлари ноябрь ойида АҚШ Конгрессига оралиқ сайловлар ўтказилганидан кейин Эронга қарши ҳарбий зарбаларни қайта бошлаш режаларини ишлаб чиққани ҳақидаги ОАВ хабарлари ҳам таъсир кўрсатган.








