“Бизнес аниқ қоидалар ва очиқ эшиклар бор жойга интилади” — Саида Мирзиёева
Президент Администрацияси раҳбари Ўзбекистон ҳар бир Америка компанияси билан бевосита мулоқот ўрнатишни режалаштираётганини билдирди.

Саида Мирзиёева АҚШ билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда бизнес учун аниқ қоидалар, очиқ мулоқот ва муаммоларга тезкор ечим топиш муҳимлигини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, июнь ойида Тошкентга қарийб 200 та Америка компанияси ташриф буюрган. Орадан тўрт ой ўтиб, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио бошчилигида яна 100 га яқин Америка компанияси Ўзбекистонга келган.
«Бизнес аниқ қоидалар, очиқ эшиклар ва қўнғироқларга дарҳол жавоб бериладиган жойга интилади. Шу боис биз доимо алоқада бўладиган ва мурожаатларни жавобсиз қолдирмайдиган ҳамкор бўлишга интилмоқдамиз», — деди Саида Мирзиёева.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳар бир компания билан бевосита мулоқотни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бунинг учун ҳар бир компанияга масъул шахс бириктирилади, ҳамкорлар кўтарган муаммолар эса Кенгаш ҳамраислари эътиборидан четда қолмайди.
«Ҳалол шерикликнинг моҳияти шунда: ҳар икки томон ҳам манфаат кўриши керак», — дея таъкидлади.








