Самарқанддаги глобал эътироф: Зироат Мирзиёева халқаро глобал тармоқ раиси этиб сайланди
Самарқандда ўтган халқаро форумда болалар онкологияси, замонавий даволаш усуллари ва халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

2026 йил 22 октябрь куни Самарқандда Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Оғир касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш глобал тармоғи раиси этиб сайланди. Ушбу воқеа болалар онкологияси соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва оғир касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланди.
Мазкур воқеа дунёнинг етакчи мутахассисларини бирлаштирган Умумжаҳон саммити ва Болалар онкологияси бўйича II Халқаро конгресс доирасида юз берди.
Ст. Жуде болалар тадқиқот шифохонаси вице-президенти ва Ст. Жуде Глобал директори Карлос Родригес-Галиндонинг таъкидлашича, янги глобал тармоқ давлат раҳбарларининг турмуш ўртоқлари томонидан олиб борилаётган ташаббусларни бирлаштириш ва болаларни даволаш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга кўмаклашиш имконини беради.
Форум доирасида Зироат Мирзиёевага глобал соғлиқни сақлаш соҳасига қўшган ҳиссаси учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мукофоти топширилди.
ЖССТ Бош директори Тедрос Адханом Гебреесус тақдирлаш маросимида унинг фаолиятини юқори баҳолаб, болалар, хусусан, онкологик касалликларга қарши курашаётган беморлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини эътироф этди. У ҳар бир боланинг таълим олиш ва соғлом яшаш ҳуқуқини таъминлаш муҳимлигини ҳам таъкидлади.
Самарқанддаги халқаро форум Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, болалар онкологияси соҳасида илғор тажрибаларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, мамлакатда тиббиёт инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда замонавий даволаш усулларини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ихтисослаштирилган марказларда болалар онкогематологик касалликларини даволаш натижаларини яхшилаш, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва илғор технологияларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Халқаро ҳамкорликнинг кенгайиши Ўзбекистон тиббиёт муассасалари учун янги технологияларни ўзлаштириш, мутахассисларни тайёрлаш ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган глобал дастурларда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириши кутилмоқда.
Саммитда Туркия, Қирғизистон, Ливан ва Покистоннинг биринчи хонимлари ҳам иштирок этди. Улар форумнинг ташкил этилиш даражасини ҳамда болалар ҳаётини сақлаб қолиш йўлида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни юқори баҳолади.
Зироат Мирзиёеванинг глобал тармоқ раиси этиб сайланиши ва ЖССТ мукофоти билан тақдирланиши болалар саломатлигини асраш, оғир касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда бу йўналишдаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг эътирофи сифатида тақдим этилди.








