800 мингта коррупция иши: Хитойда 9 ойда 73 нафар амалдорга иш қўзғатилди
Шу даврда 680 минг киши интизомий жазога тортилган.

Хитойда 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида вилоят ва вазирлик даражасидаги 73 нафар амалдорга нисбатан коррупция билан боғлиқ ишлар қўзғатилди. Бу ҳақда Хитой Коммунистик партияси Марказий интизомни текшириш комиссиясига таяниб, ТАСС хабар берди.
Маълумотларга кўра, йилнинг дастлабки тўққиз ойида назорат органларига эҳтимолий қонунбузарликлар юзасидан 3,5 миллиондан ортиқ мурожаат келиб тушган. Улар асосида мамлакат бўйлаб қарийб 800 мингта иш бўйича текширув ўтказилган.
Текширувга тушганлар орасида департамент ва идораларнинг 4 200 нафар раҳбари ҳамда туман даражасидаги 34 минг нафар давлат хизматчиси бор.
Ҳисобот даврида жами 680 минг киши турли интизомий жазоларга тортилган. Улар орасида юқори ва ўрта бўғиндаги мансабдор шахслар ҳам бор.
Ушбу маълумотлар Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитасининг ялпи мажлисида эълон қилинган. Унда ХХР раиси бошқарувни мустаҳкамлаш учун барча даражадаги мансабдорлар ўртасида интизомни кучайтириш зарурлигини таъкидлаган.








