Бир ойда 21 мингдан ортиқ баённома: автобусда йўл ҳақини тўламаганлар кўпайди
Тошкентда чиптасиз юришга қарши назорат кучайди.

Тошкент шаҳрида автобусларда йўл ҳақини тўламаган йўловчиларга нисбатан расмийлаштирилаётган маъмурий баённомалар сони ошиб бормоқда. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ Ахборот хизмати маълум қилди.
Келтирилган маълумотларга кўра, август ойида 10 843 та, сентябрда 20 286 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. 1–26 октябрь кунлари эса бу кўрсаткич 21 116 тани ташкил этган.
Шундай қилиб, сентябрь ойида баённомалар сони августга нисбатан 87,1 фоизга ошган. Октябрнинг дастлабки 26 кунида эса сентябрь ойининг тўлиқ кўрсаткичидан 830 та кўп баённома қайд этилган.
Кунлик ўртача кўрсаткич ҳам ортган: августда 350 та, сентябрда 676 та, октябрнинг 1–26 кунларида эса 812 та маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Йил бошидан 26 октябрга қадар йўл ҳақини тўламаган жами 134 300 нафар йўловчига нисбатан маъмурий баённомалар тузилган.
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ қайд этишича, баённомалар сонининг кўпайиши фақат қоидабузарликлар ортганини англатмайди. Бунга назорат тадбирлари қамровининг кенгайиши ва ҳуқуқбузарликларни аниқлаш имкониятларининг ошиши ҳам таъсир қилиши мумкин.
Йўловчилар автобусга чиққан заҳоти йўл ҳақини тўлаши лозим. Тўлов интизомига риоя қилиш жамоат транспорти тизимининг барқарор ишлашига хизмат қилади.








