5 831 шахматчи, 620 млн сўм: “Zakovat-Gambit” финал баҳслари бошланди
Мусобақада жаҳон гроссмейстерлари Петер Леко ва Хампи Конеру ҳам қатнашмоқда.

Тошкент шаҳрида 5 831 нафар шахматчини жамлаган V «Zakovat-Gambit» турнирининг финал босқичига старт берилди.
Бу йил мусобақада иштирокчиларни саралаш учун илк бор икки босқичли тизим жорий этилди. Дастлаб мамлакатнинг барча 14 ҳудудида юзма-юз баҳслар ўтказилди, шундан сўнг онлайн платформада қўшимча саралаш ўйинлари ташкил қилинди.
«Zakovat Arena» биносида ўтаётган финал баҳсларида шахматчилар ўз даражаларига кўра бешта гуруҳга бўлинган ҳолда жами 620 миллион сўмлик соврин жамғармаси учун курашмоқда.
Ҳар бир гуруҳда биринчи ўрин соҳиби 50 миллион, иккинчи ўрин эгаси 30 миллион, учинчи ўринни қўлга киритган иштирокчи эса 20 миллион сўмдан мукофот олади. Шунингдек, аёллар ўртасидаги энг кучли шахматчи ҳам 20 миллион сўм билан тақдирланади.
Турнирнинг энг ёш иштирокчиси — 8 ёшли Мустафо Пўлатов ва энг ёши улуғ қатнашчиси — 63 ёшли гроссмейстер Тоир Воҳидовга 10 миллион сўмдан махсус мукофот топширилади.
Мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Жаҳонгир Воҳидов, Афруза Ҳамдамова ва Умида Омонова ҳам иштирок этмоқда.
Бундан ташқари, турнирга таклиф этилган жаҳон шахмат юлдузлари — гроссмейстерлар Петер Леко ва Хампи Конеру ёш спортчилар билан сеанс ўйинлари ўтказди. Улар Ўзбекистонда шахмат жадал ривожланаётгани ва ёшларнинг ушбу спорт турига бўлган қизиқиши катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
Барча гуруҳлар бўйича ғолибларни тақдирлаш маросими 30 октябрь куни «Ўзбекфильм» павильонида ўтказилади.








