Москвага таҳдид бўлиши мумкин: АҚШ элчихонаси фуқароларини огоҳлантирди
Россия Федерал хавфсизлик хизмати Москвада теракт тайёрланаётгани ҳақида хабар берилганини тасдиқлади.

АҚШнинг Москвадаги элчихонаси 31 октябрь куни «Царицино» давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида кўплаб инсонларнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳодиса юз бериши хавфи ҳақида огоҳлантирди. Элчихона АҚШ ҳукумати Россия томони билан жавоб чораларини мувофиқлаштираётганини билдирди.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати Америка томони Россия махсус хизматларига Москвада теракт тайёрланаётгани ҳақида хабар берганини тасдиқлади. Идора бу бўйича тегишли ишлар олиб борилаётганини маълум қилди, дея ёзди ТАСС.
Элчихона огоҳлантиришида таҳдид Долская кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган «Царицино» музей-қўриқхонаси ҳудудига тааллуқли экани айтилган. Бироқ эҳтимолий ҳодисанинг хусусияти ва таҳдид манбаси очиқланмаган.
АҚШ элчихонаси ўз фуқароларига 31 октябрь куни музейга бормаслик, одамлар гавжум жойлардан четда бўлиш, ҳушёрликни сақлаш ва маҳаллий ОАВ хабарларини кузатиб боришни тавсия қилган. Шунингдек, телефонларни қувватланган ҳолда сақлаш ва ёнида шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни олиб юриш тавсия этилган.
«Важние истории» нашрининг ёзишича, шу куни «Царицино»да соат 17:00 да Хлебний домда, 18:00 да эса Баженов залида концертлар ўтказилиши режалаштирилган эди.
«Фонтанка» нашри музей-қўриқхонанинг ягона телефон рақамига қўнғироқ қилиб, таҳдид ҳақидаги маълумот юзасидан изоҳ сўраган. Нашрга музей одатдаги тартибда ишлаётгани айтилган.
Бироқ «Осторожно Меdia» журналисти хабарига кўра, кейинчалик музей-қўриқхона техник сабабларга кўра ёпилган. Ҳудудга полиция ходимлари етиб келган, кириш жойи беркитилган. Журналистнинг қайд этишича, ҳудудда вазият тинч, ташриф буюрувчилар эса кам бўлган.
Маълумот учун, 2024 йил март ойида «Крокус Сити Ҳолл» мажмуасида содир этилган терактдан олдин ҳам АҚШ элчихонаси Москвадаги оммавий тадбирларга, жумладан, концертларга ҳужум уюштирилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.








