АҚШ Эронга қарши зарбаларни 4 ноябрь куни қайта бошлаши мумкин — MS NOW
Вашингтон Форс кўрфазидаги бир нечта давлатни эҳтимолий ҳужумларга тайёргарлик кўриш ҳақида огоҳлантирган.

АҚШ оралиқ Конгресс сайловларидан кейинги кун — 4 ноябрда Эронга қарши ҳарбий зарбаларни қайта бошлаши мумкин. Бу ҳақда MS NOW телеканали манбаларга таяниб хабар берди.
Телеканал маълумотларига кўра, АҚШ маъмурияти Форс кўрфазидаги бир нечта мамлакатни эҳтимолий «қисқа ва шиддатли зарбалар»га тайёргарлик кўриш зарурлиги ҳақида огоҳлантирган.
Хабарда айтилишича, Вашингтоннинг минтақадаги иттифоқчилари ҳужумлар қайта бошланса, Эрон томонидан жавоб зарбалари берилишидан хавотирда. Шу сабабли улар вазиятни юмшатишга уринмоқда.
Исми ошкор этилмаган минтақавий амалдорнинг таъкидлашича, айрим Форс кўрфази давлатлари ўз ҳудудидаги АҚШ ҳарбий базаларидан Эронга қарши зарбалар бериш учун фойдаланилишига қаршилик кўрсатиши мумкин.
Эрон аввалроқ эҳтимолий «террористик ҳужумлар» юз берган тақдирда ҳарбий режа тайёрлаётганини билдирган эди. Теҳрон жавоб зарбалари доирасини кенгайтириб, душман давлатлар ва уларнинг минтақавий иттифоқчиларига тегишли марказлар, иншоотлар ҳамда штаб-квартираларни нишонга олиши мумкинлигини маълум қилган.








