Қисқа муддатли виза билан бориб, мамлакатда қолиб кетди: ўзбекистонлик Япониядан чиқариб юборилди
Элчихонаси фуқароларни мамлакатда ноқонуний яшаш ва ишлашдан, шунингдек, шубҳали иш таклифларига ишонишдан огоҳлантирди.

Япония Иммиграция агентлиги мамлакатда ноқонуний яшаб келган Ўзбекистон фуқаросини ватанга депортация қилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, депортация қилинган фуқаро Японияга қисқа муддатли виза билан кирган. Визанинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин ҳам мамлакатни тарк этмай, ноқонуний равишда яшашда давом этган. Кейинчалик у Япония расмийлари томонидан ҳибсга олинган ва Ўзбекистонга депортация қилинган.
Элчихона ноқонуний яшаш ёки ишлаш ҳолатлари аниқланса, ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний чоралар кўрилишини эслатди. Бундай ҳолатларда шахс полиция томонидан ҳибсга олиниши, иммиграция марказига жойлаштирилиши ва мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин.
Шунингдек, Япония ҳукумати ҳуқуқбузарларга оид маълумотларни Ўзбекистон томонига ҳам тақдим этиши мумкин. Элчихона фуқароларни Японияда ишга жойлаштириш ёки узоқ муддат қолишга оид шубҳали таклифларга ишонмасликка чақирди.
Дипломатик ваколатхона қочқин мақомини олиш учун ариза бериш мамлакатда қолиш ёки ишлаш имконини берадиган восита эмаслигини ҳам таъкидлади. Бундай ариза рад этилган тақдирда иммиграция марказига жойлаштириш ёки депортация қилиш чоралари қўлланиши мумкин. Ариза беришда ёлғон маълумот ёки фирибгарлик усулларидан фойдаланиш эса жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин.








