Боснияда ҳарбий вертолёт қулади: тўрт киши ҳалок бўлди
Европа Иттифоқининг тинчликпарвар кучларига тегишли вертолёт ўқув парвози вақтида қулаган.

Боснияда Европа Иттифоқи ҳарбий миссиясига тегишли CH-47 Chinook вертолёти ўқув машғулотлари вақтида ҳалокатга учради. Ҳодиса оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, яна 11 киши жароҳатланди.
EUFOR маълумотига кўра, ҳалокат пайшанба куни мамлакатнинг Брчко ҳудудида, пойтахт Сараеводан 180 километр шимолда содир бўлган. Жароҳатланганларнинг барчаси шифохонага етказилган, уларнинг аҳволи барқарор.
Италия ҳукумати вертолёт бортидаги барча шахслар мамлакат фуқаролари бўлганини тасдиқлади. Италия Мудофаа вазирлиги ҳалок бўлганлар икки нафар ҳарбий хизматчи ва Қизил Хоч ташкилотининг икки нафар кўнгиллиси эканини маълум қилди.
Брчко шифохонаси вакилининг AFP агентлигига айтишича, ҳалокат вақтида вертолёт бортида жами 15 киши бўлган. Дастлаб уч киши ҳалок бўлган, шифохонага олиб келинган 12 кишидан бири кейинчалик вафот этган.
Ҳозирда EUFOR ҳодиса сабабларини аниқлаш бўйича кенг қамровли текширув олиб бормоқда.
Маълумот учун, EUFOR 2004 йилдан буён Боснияда фаолият юритади. Миссия мамлакатда Дейтон тинчлик келишуви ижросини назорат қилади. У 1995 йилда Босния уруши тугаганидан сўнг мамлакатда жойлаштирилган НАТО тинчликпарвар кучлари ўрнини эгаллаган.








