Иловани ўрнатмаган талабалар дарсга киритилмаяптими? Вазирлик ҳолатни ўрганмоқда
Олий таълим муассасаларида “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатмаган талабалар дарсларга киритилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва бошқа олий таълим ташкилотларида “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатмаган талабалар дарсларга киритилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Талабаларнинг сўзларига кўра, 3 ноябрь куни айрим талабалар университет кириш жойида тўхтатилиб, иловани ўрнатишга мажбурланган. Шу сабаб дарсга кеч қолганларга «нб» белгиси қўйилган. Шунингдек, дарс давомида декан, декан ўринбосари ва тюторлар аудиторияга кириб, иловани ўрнатмаган талабалардан уни юклаб олишни талаб қилгани айтилмоқда.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари ҳам бир неча ҳафтадан буён қандайдир АPК иловасини ўрнатишга мажбурланаётганини билдирган. Тошкент давлат юридик университетида ҳам талабалардан “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатиш сўралаётгани ҳақида хабарлар бор.
Таълим ва илм-фан вазирлиги мазкур ҳолатни назоратга олганини маълум қилди. Вазирлик раҳбарияти вазиятни тезкор ўрганиш бўйича кўрсатма берган. Айни пайтда ишчи гуруҳ ўрганиш ишларини бошлаган.
Вазирлик таълим жараёнининг узлуксизлиги ва талабаларнинг таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши шартлигини таъкидлади.








