Президент Бухорога келди: ташриф Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасидан бошланди
Давлат раҳбари Бухоронинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш ва ундан ёшлар тарбиясида фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни бунёдкорлик ишлари ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиш учун Бухоро вилоятига келди.
Давлат раҳбарининг ташрифи Когон туманида жойлашган Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошланди. Бу ерда Қуръон тиловат қилиниб, халқимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб дуо қилинди.
Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ХIV асрда яшаб ўтган буюк аллома ва тасаввуфдаги нақшбандия тариқатининг асосчисидир. Унинг мақбараси атрофида асрлар давомида шаклланган меъморий мажмуа бугун ҳам ислом оламидаги эъзозли зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади.
Ҳар куни ўртача 15 мингга яқин киши зиёрат қиладиган Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуаси “Ипак йўли: Зарафшон – Қорақум коридори” таркибида ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Сўнгги йилларда мажмуанинг тарихий қиёфасини асраш ва зиёратчилар учун қулайлик яратиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. ХV аср чизмалари асосида “Дониёлбий оталиқ” мадрасаси ва “Тоқи миёна” дарвозаси таъмирланди. Шунингдек, музей экспозицияси ҳамда илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди.
Президент Бухоро асрлар давомида маърифатли ислом тараққиётида муҳим ўрин тутиб келганини таъкидлади. Давлат раҳбари бой маънавий меросни чуқур ўрганиш, ундан ёшлар тарбиясида самарали фойдаланиш ва уларни илм-маърифатга ундаш зарурлигини қайд этди.
“Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий боболаримиз номи билан боғлиқ мажмуалар – буларнинг барчаси бир мақсадга хизмат қилади: буюк аждодларимиз илмий меросини давом эттириш ва ёшларимизни шу руҳда тарбиялаш”, – деди Шавкат Мирзиёев.








