5 минг доллар эвазига “Умра” ваъдаси: Самарқандда фирма ходими ушланди
Фирма тегишли лицензияга эга бўлмаган.

Самарқанд вилоятида фуқароларни «Умра» зиёратига юборишни ваъда қилиб, пул олган сайёҳлик фирмаси ходими ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Самарқанд туманида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси ходими Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, унинг тўрт нафар қариндошини Саудия Арабистонига «Умра» зиёратига юборишни ваъда қилган.
У ушбу хизмат эвазига 5 минг АҚШ доллари олаётган вақтида ДХХ ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Аниқланишича, мазкур масъулияти чекланган жамият «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш учун тегишли лицензияга эга бўлмаган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.








