Европада 27 та авиарейсга бомба таҳдиди келиб тушди: қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилди
Ҳозирча таҳдидлар ортида ким тургани аниқланмаган, бироқ ҳодисалар Россияни Европадаги гибрид ҳужумларда айблаётган расмийларнинг хавотирларини кучайтирди.

Европанинг бир қатор мамлакатларида пайшанба куни камида 27 та йўловчи рейсига бомба қўйилгани ҳақида ёлғон хабарлар тарқалди. Ҳодисалар айрим самолётларнинг йўналишини ўзгартиришга, бошқаларининг эса қирувчи самолётлар кузатувида қўнишига сабаб бўлди.
Reuters хабарига кўра, Ирландиядан Болгариягача бўлган ҳудудда қайд этилган бу ҳолат ҳафта давомида юз берган иккинчи шундай таҳдидлар тўлқини бўлди. Ҳозирча бирор давлат таҳдидлар ортида ким турганини расман эълон қилмаган.
Францияда Дублиндан Римга учаётган Aer Lingus самолёти қирувчи самолётлар кузатувида Эвро шаҳридаги ҳарбий-ҳаво кучлари базасига йўналтирилди. Болгария ҳарбий-ҳаво кучлари эса учта йўловчи самолётини кузатиб борган. Лондондан Софияга учаётган рейс Пловдив шаҳрига йўналтирилган.
Испанияда Мадрид–Париж йўналишидаги иккита Air Europa рейси ва Рим ҳамда Миландан келаётган тўртта Iberia рейсига таҳдидлар келиб тушган. Мадрид аэропортида айрим самолётлар ҳаракати тўхтатилиб, йўловчилар туширилган ва ҳаво кемалари текширилган.
Польшанинг Варшава аэропортида Парижга учиши керак бўлган LOT самолёти учиш олдидан тўхтатилган. Даниянинг Копенгаген аэропортида иккита самолёт текширилган. Шунингдек, Милан–Варшава йўналишидаги Wizz Air рейси Венага йўналтирилгани хабар қилинган.
Reuters суҳбатлашган авиация хавфсизлиги мутахассиси Эрик Шоутеннинг таъкидлашича, ҳодисалардан зарар кўрган мамлакатларнинг аксарияти Украинани қўллаб-қувватлайди. Унинг фикрича, бу ҳолатларни эҳтимолий гибрид уруш сценарийси доирасида ҳам кўриб чиқиш лозим. Бироқ ҳозирча таҳдидлар учун Россия ёки бошқа давлат расман жавобгар деб топилмаган.
Ҳодисалар Европада бошқа муҳим инфратузилмаларга қарши киберҳужумлар кузатилаётган бир пайтда юз бермоқда. Хусусан, шу ҳафта номаълум хакерлар бир нечта Европа мамлакатидаги супермаркетларнинг совутиш тизимларини ишдан чиқарган. Франциядаги қон банклари ҳам киберҳужумлардан зарар кўрган.
Авиация киберхавфсизлиги бўйича Cyviation компанияси раҳбари Элиран Алмогнинг айтишича, самолётларга қарши ёлғон таҳдидлар нафақат парвозлар фаолиятини издан чиқариш, балки авиакомпаниялар ва давлат идораларининг бундай вазиятларга қандай муносабат билдиришини кузатиш учун ҳам уюштирилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, сешанба куни ҳам Европада камида еттита авиарейс ва битта круиз кемасига бомба қўйилгани ҳақида ёлғон хабарлар тарқалган эди.







