Трампнинг оилавий бизнесидан Оқ уйдаги қурилишларгача: демократлар текширув ўтказмоқчи
Демократлар Конгрессда назоратини қўлга киритгач, АҚШ президенти, унинг оиласи ва маъмурияти фаолиятини бир қатор йўналишларда текширишни режалаштирмоқда.

Демократлар ноябрдаги оралиқ сайловларда Конгресснинг ҳар икки палатасида кўпчилик ўринларга эга бўлди. Улар 2027 йил январида палаталар устидан назоратни қўлга киритгач, АҚШ президенти Дональд Трамп, унинг оиласи ва маъмурияти фаолиятини бир қатор йўналишларда текширишни режалаштирмоқда. Суриштирувлар Трамп оиласининг бизнес манфаатлари, молиявий келишувлар, Жеффри Эпштейн иши ва иммиграция хизмати фаолиятини қамраб олиши мумкин. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Демократлар Конгресснинг ҳар икки палатасида кўпчиликка айланиши ортидан қўмиталарнинг текширув ваколатлари ва қўшимча ресурсларидан фойдаланишни режалаштирмоқда. Уларнинг таъкидлашича, Трамп ва унга яқин шахслар давлат манфаатлари ҳисобига шахсий бойлигини оширган бўлиши мумкин. Президент ва Оқ уй эса қонунбузарлик ҳақидаги айбловларни рад этиб келмоқда.
Вакиллар палатасидаги демократлар етакчиси Ҳаким Жеффрис Трамп президентликка қайтганидан кейин унинг оиласи бойлиги қандай ошганини ўрганиш учун кенг кўламли текширувлар ўтказилишини билдирди. У Трампга нисбатан учинчи марта импичмент жараёнини бошлаш эҳтимолини ҳам истисно этмади. Бироқ ҳозирча демократларнинг асосий эътибори тергов ва парламент назоратига қаратилган.
Вакиллар палатасининг Назорат ва ҳукумат ислоҳоти қўмитасидаги демократлар етакчиси Роберт Гарсия бешта устувор йўналишни белгилаган. Улар орасида Трамп оиласининг бизнес фаолияти, АҚШ маъмуриятининг Жеффри Эпштейн иши бўйича ҳаракатлари ва Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) операциялари бор.
Бундан ташқари, демократлар Трампнинг Оқ уйдаги бал зали қурилиши, бошқа қурилиш лойиҳалари ҳамда унинг оиласининг фойдали қазилмалар билан боғлиқ келишувлардаги иштирокини ҳам текширмоқчи.
Сенатда ҳам бир қатор суриштирувлар режалаштирилмоқда. Сенатор Ричард Блументал Трампнинг кўчмас мулк лойиҳалари ва махсус вакил Стив Уиткофф билан боғлиқ криптовалюта келишувларини ўрганиш ниятида эканини маълум қилди.
Шунингдек, ICE рейдлари, Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) фаолияти ва Medicare дастурлари бўйича парламент эшитувлари ўтказилиши мумкин.
Сенат Молия қўмитасига раис бўлиши кутилаётган Рон Уайден эса Эпштейннинг молиявий операцияларидаги шубҳали ҳолатларга эътибор бермаган банклар ва Трамп маъмурияти билан алоқалари орқали фойда кўрган фармацевтика компанияларини текширишни режалаштирмоқда.
AP агентлиги ўтказган 100 мингдан ортиқ сайловчи иштирокидаги сўровга кўра, респондентларнинг қарийб ярми Конгресс сайловларида овоз бериш қарорига ҳукуматдаги коррупция ҳал қилувчи даражада таъсир қилганини билдирган. Уларнинг аксарияти демократ номзодларни қўллаб-қувватлаган.
Оқ уй эса демократларнинг режалаштирилаётган текширувларига қарши чиқди. Президент матбуот котиби Лорен Бис демократлар «сохта текширувлар» ва радикал сиёсатни танласа, бу Америка халқига қарши ҳаракат бўлишини айтди.
Шу билан бирга, демократлар текширувлар орқали коррупция масаласининг оддий америкаликлар ҳаётига таъсирини ҳам кўрсатмоқчи. Уларнинг фикрича, коррупция солиқ тўловчиларга қўшимча юк бўлиши ва аҳолининг кундалик харажатларига таъсир қилиши мумкин.
Сенатор Питер Уэлч эса текширувлар қасос олиш воситасига айланмаслиги кераклигини билдирди. Унинг фикрича, демократлар бу жараёнда эҳтиёткор ва асосли ҳаракат қилиши лозим.







