Қурилишнинг илк босқичида уй сотиш мумкин эмас: янги тартиб жорий этилди
Унга кўра, қурувчилар нолинчи цикл тугамагунча уй-жойларни сотиши, улушли иштирок шартномаларини тузиши ва лойиҳаларни реклама қилиши мумкин эмас.

Қирғизистонда қурилиш компанияларига пойдевор ва ер ости қурилиш ишлари тўлиқ якунланмагунча турар жой ва нотурар жой биноларини сотиш, улушли иштирок шартномаларини тузиш ҳамда лойиҳаларни реклама қилиш тақиқланди.
Маълум қилинишича, тегишли буйруқни мамлакат Қурилиш, архитектура, уй-жой ва коммунал хизматлар вазири Нурдан Орунтаев имзолаган.
Янги талабга кўра, қурилишнинг нолинчи цикли якунлангунга қадар ишлаб чиқувчиларга қуйидагилар тақиқланади:
-
қурилиш лойиҳаларидаги турар жой ва нотурар жой биноларини сотиш;
-
фуқаролар ва юридик шахслардан қурилиш учун маблағ жалб қилишни назарда тутувчи улушли иштирок шартномалари, дастлабки келишувлар ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий битимларни тузиш;
-
қурилиш лойиҳаларини реклама қилиш.
Нолинчи цикл деганда пойдеворни ўрнатиш ва ер ости қурилиш ишларини тўлиқ якунлаш босқичи тушунилади.
Мазкур талаблар бажарилишини Давлат архитектура ва қурилиш назорати департаменти кузатиб боради. Жумладан, ноқонуний реклама, квартираларни сотиш ташаббуслари ва қурилиш учун маблағ йиғиш ҳолатлари аниқланса, департамент ўз ваколатлари доирасида тегишли чоралар кўради.
Қурилиш вазирлиги қурилиш компаниялари билан янги тартиб бўйича тушунтириш ишларини олиб бораётганини билдирган. Компания раҳбарларига янги талаблар юзасидан кўрсатмалар берилиб, уларга риоя қилмаслик учун жарималар мавжудлиги ҳақида огоҳлантирилган.
Вазирликнинг таъкидлашича, янги тартиб уй сотиб олувчиларнинг маблағлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, қурилиши ҳали бошланғич босқичда бўлган лойиҳаларга инвестиция киритиш билан боғлиқ хавфларни камайтиришга қаратилган.






