Пулни қайтариш муддати йўқ, кафолат белгиланмаган: 132 та қурувчи шартномасида камчилик топилди
9 ойда фуқаролардан қурилиш сифати ва объектларнинг кеч топширилиши юзасидан 1 700 дан ортиқ шикоят келиб тушган.

Рақобат қўмитаси 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида қурилиш ишлари сифати ва турар жой объектларининг ўз вақтида топширилмаслиги юзасидан истеъмолчилардан 1 700 дан ортиқ мурожаат келиб тушганини маълум қилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида фуқаролар фойдасига қарийб 14,5 млрд сўмлик маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.
Шунингдек, мурожаатлар асосида 12 та ҳудуддаги 132 та қурилиш ташкилотининг турар жой қурилишида улушли иштирок этиш бўйича шартномалари таҳлил қилинди.
Таҳлил натижаларига кўра, шартномаларнинг 77,3 фоизида шартнома бекор қилинганда тўланган маблағни қайтариш муддати белгиланмаган ёки дастлабки тўлов муддатига мос келмаган. 63,6 фоизида хонадон қабул қилиб олинганидан кейинги кафолат муддати кўрсатилмаган.
Бундан ташқари, шартномаларнинг 59,1 фоизи фақат қурувчи манфаатларини кўзлаб тузилган. 54,5 фоизида кафолат муддати давомида аниқланган нуқсонларни бартараф этиш мажбурияти назарда тутилмаган. 50,8 фоизида қурилиш муддати кечиктирилган тақдирда қурувчи тўлаши лозим бўлган пеня белгиланмаган.
Шунингдек, шартномаларнинг 33,3 фоизида қурилиш объектини топширишнинг аниқ муддати кўрсатилмаган, 30,3 фоизи эса давлат тилида эмас, рус тилида тузилган. Шартномаларнинг 49,2 фоизида истеъмолчилар ҳуқуқларини камситувчи бошқа шартлар ҳам аниқланган.
Қўмита маълумотига кўра, айрим шартномаларда харидор ташаббуси билан шартнома бекор қилинганда тўланган маблағнинг 4–15 фоизини ушлаб қолиш, пулни хонадон қайта сотилганидан кейингина қайтариш, нархни бир томонлама ошириш ва харидорга нисбатан юқори миқдорда пеня белгилаш каби бандлар мавжуд.
Ўрганиш якунлари бўйича аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли идораларга таклифлар киритилган.








