Сохта ЙҲХХ ходими пул ундирди: ҳайдовчиларни чув туширган ўқувчи ушланди
У ходим номидан сохта профиль яратиб, жарималарни тўлашга ёрдам бериш баҳонасида фуқаролардан пул олган.

Самарқандда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими номидан Теlegram'да сохта аккаунт очиб, ҳайдовчилардан фирибгарлик йўли билан пул ундирган вояга етмаган шахс аниқланди. У жарималарни тўлашга ёрдам бериш баҳонасида фуқаролардан банк карталарига пул ўтказишни сўраган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотига кўра, ўқувчи Самарқанд вилояти ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Хуршид Сафаровнинг Instagram саҳифасидаги суратидан фойдаланиб, унинг номидан сохта Телеграм аккаунти яратган.
Шундан сўнг ҳайдовчиларга мурожаат қилиб, автомобилларида тўланмаган жарималар борлигини айтган ва уларни тўлашга ёрдам беришни таклиф қилган. Айрим фуқаролар унга 50 минг ва 100 минг сўмдан пул ўтказган. Бироқ ўқувчи маблағларни жарималарни тўлашга эмас, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ Кибержиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан тезкор чоралар кўрилиб, вояга етмаган шахс аниқланган ва ушланган.
Ҳозирда дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, унинг бошқа шу каби ҳолатларга алоқадорлиги ҳам ўрганилмоқда.
Ўқувчи ўз қилмишидан пушаймонлигини билдириб, Хуршид Сафаров ва фуқаролардан узр сўраган. Унинг отаси ҳам фарзандининг хатти-ҳаракати учун жамоатчиликдан кечирим сўраб, бундан буён унинг тарбияси билан ўзи шуғулланишини айтган.








