Жамоатчилик норозилигига сабаб бўлган видео: Нилуфар Ҳамидова 7 суткага қамалди
Актрисанинг кўча ва бекат атрофида тасвирга олган видеоси ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлганди.

5 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида 1978 йилда туғилган актриса Нилуфар Ҳамидовага нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар берди.
Суд қарорига кўра, Ҳамидова Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган майда безориликни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Аввалроқ актрисанинг кўча ва бекат атрофида тасвирга олган видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалиб, жамоатчилик норозилигига сабаб бўлган эди. Шундан сўнг ички ишлар органлари ҳолат юзасидан суриштирув ўтказиб, унинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берган.
ИИБ ходимлари билан суҳбатда Ҳамидова жамоатчиликдан узр сўраган ва бундай мазмундаги видеоларни бошқа тайёрламаслигини билдирган. Кейинчалик унга оид маъмурий иш ҳужжатлари судга юборилган.
Маълумот учун, Ҳамидова аввал ҳам ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари сабабли «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этиш юзасидан огоҳлантирилган.








