Яманда бозорга ҳаво ҳужуми уюштирилди: камида 20 киши ҳалок бўлди
Маҳаллий маъмурият ҳужум юзасидан қарама-қарши маълумот берган.
Яманнинг жануби-ғарбий қисмидаги бозорга уюштирилган ҳаво ҳужумлари оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди, яна 15 киши жароҳатланди. Бу ҳақда ҳусийлар назоратидаги Cоғлиқни сақлаш вазирлиги вакили маълум қилди.
Ҳусийлар вакили Анис ал-Сабоҳий Al Masirah телеканалига берган интервьюсида ҳужум Таиз вилоятининг ал-Вазия ҳудудидаги бозорга қаратилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, қурбонлар сони ортиши мумкин. У ҳужум учун Саудия Арабистони бошчилигидаги коалицияни айблаган.
Бироқ Таиз маҳаллий маъмурияти воқеа юз берганини тасдиқлаган ҳолда, ҳужум оқибатида одамлар ҳалок бўлгани ва жароҳатланганини билдирган. Шу билан бирга, маъмурият ҳодисада ҳусийларни айблаб, ҳудудда ҳеч қандай ҳаво ҳужуми амалга оширилмаганини таъкидлаган.
Associated Press агентлиги ҳужум учун масъулият ҳақидаги қарама-қарши даъволарни ҳозирча мустақил равишда тасдиқлай олмаган.
Мазкур воқеа ҳусийлар ва Саудия Арабистони қўллаб-қувватлаётган ҳукумат кучлари ўртасидаги жанговар ҳаракатлар қайта бошланганидан буён энг кўп қурбонларга сабаб бўлган ҳужумлардан бири бўлиши мумкин.








