Сайловдан кейинги икки кун: Илон Маск компаниялари 420 млрд доллар йўқотди
Унинг соф бойлиги сўнгги ҳафтада 90 миллиард долларга қисқарган.

АҚШ Конгресси сайловларидан кейинги икки кун ичида Илон Маскка тегишли Tesla ва SpaceX компанияларининг умумий бозор қиймати қарийб 420 миллиард долларга камайди. Бу ҳақда CNBC нашри хабар берди.
Таҳлилчилар компаниялар қийматининг пасайишини Конгрессда демократлар кўпчиликни қўлга киритгани ортидан инвесторлар орасида юзага келган хавотирлар билан изоҳламоқда. Уларнинг фикрича, янги сиёсий вазият Илон Маскнинг терговларга дуч келиши ва компанияларига нисбатан тартибга солиш босими кучайишига олиб келиши мумкин.
Tesla акциялари нархининг пасайиши ва SpaceX қийматига оид баҳоларнинг ўзгариши фонида Маскнинг шахсий бойлиги ҳам камайган. CNBC маълумотига кўра, унинг соф бойлиги сўнгги ҳафтада 90 миллиард долларга қисқариб, тахминан 800 миллиард долларни ташкил этган.
Сайловолди кампанияси давомида Маск Республикачилар партиясини қарийб 470 миллион доллар билан қўллаб-қувватлаган. У, айниқса, Техас штатида фаол бўлган. Тадбиркор ўз компанияларининг бош қароргоҳларини ҳам ушбу штатга кўчирган эди.
Бироқ сайлов натижаларига кўра, демократлар Техасда губернаторлик ва сенаторлик ўринларини ҳам қўлга киритган. Deutsche Bank таҳлилчиларининг фикрича, янги губернатор Жин Хинохоса даврида штатда маълумотлар марказларини қуриш учун рухсат олиш қийинлашиши, шунингдек, Маск компанияларининг солиқ имтиёзларидан фойдаланиш имкониятлари камайиши мумкин.
Аввалроқ Reuters агентлиги демократлар Конгрессдаги ғалабадан сўнг Дональд Трамп маъмурияти фаолияти юзасидан кенг кўламли текширувлар ўтказишга тайёрланаётгани ҳақида хабар берган эди. Нашр манбаларига кўра, бу текширувлар Илон Маск, Трампнинг ўғиллари ва Оқ уй ходимларини ҳам қамраб олиши мумкин.








