Ўзбек киноси учун янги истеъдодлар: Истанбулда талабалар билан учрашув бўлиб ўтди
Туркияда таҳсил олаётган ёшлар ўзбек киноси бугунги ҳолати, янги фильмлар ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашди.

Туркиянинг Истанбулкент университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Самимий мулоқот кино, ижод, Ватан ва келажак мавзуларига бағишланди. Унда ёшлар ўзбек киноси бугунги ҳолати, янги фильмлар, халқаро ҳамкорлик ҳамда мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар билан қизиқди. Делегация аъзолари эса талабаларнинг фикрлари, орзу-интилишлари ва ижодий режаларини тинглади.
Айниқса, университетнинг кино йўналишида таҳсил олаётган талабалари билан келгусида миллий кино лойиҳаларида ҳамкорлик қилиш масаласи муҳокама этилди. Уларнинг иқтидор ва билимларини ўзбек киноси ривожига йўналтириш бўйича келишувга эришилди.
Учрашувда хорижда таҳсил олаётган ёшлар орасида ҳам миллий кино ривожига ҳисса қўшишга интилаётган, янги ғоя ва ташаббусларга эга авлод борлиги таъкидланди.








