Европада электр энергияси нархи кескин ошди: бир мегаватт-соат 600 евродан қимматлашди
Европада шамолсиз ва булутли об-ҳаво сабаб қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш камайди.

Европада шамол электр станцияларида энергия ишлаб чиқаришнинг кескин камайиши электр энергияси нархининг ошишига сабаб бўлди. 9 ноябрь куни кечки тиғиз соатларда биржа нархлари бир мегаватт-соат учун 600 евродан ошди.
Германия, Буюк Британия ва Бенилюкс давлатларида шамол деярли эсмаяпти. Синоптиклар қитъанинг шимоли-ғарбий ва марказий ҳудудларида қуёш ҳамда шамол энергияси ишлаб чиқариш ҳажми камида чоршанба кунигача паст бўлишини прогноз қилмоқда.
Шамол ва қуёш электр станциялари етарли энергия ишлаб чиқармагани сабабли компаниялар табиий газда ишлайдиган иссиқлик электр станцияларини ишга туширишга мажбур бўлмоқда. Газ нархининг юқорилиги электр энергиясининг биржа қийматига ҳам таъсир қилмоқда.
Вазиятни ҳаво ҳароратининг одатдаги меъёрдан 1–3 даражага пасайгани ҳам мураккаблаштирган. Бу эса иситишга бўлган талаб ва харажатларни оширган.
9 ноябрь куни электр энергиясини бир кун олдин етказиб бериш бўйича бозорда Францияда бир мегаватт-соат нархи 334,12 евро, Германияда эса 345,64 еврони ташкил этган. Франциядаги бу кўрсаткич 2022 йил декабридан буён энг юқори нарх ҳисобланади. Айрим кечки 15 дақиқалик савдо оралиқларида нархлар 600 евродан ҳам ошган.
Шунингдек, Германияда декабрь ойига мўлжалланган электр энергияси фьючерслари нархи бир мегаватт-соат учун 200 евродан юқорига кўтарилган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан икки баравар кўп.








