“Сингапурни фабрикаларсиз қура олмайман. Мен сеҳргар эмасман” — Садир Жапаров
Қирғизистон президенти нефтни қайта ишлаш заводини ёпиш ҳақидаги мурожаатга жавоб берди.

Садир Жапаров Қора-Балта шаҳридаги Жундa нефтни қайта ишлаш заводи фаолиятидан норози бўлган аҳолининг мурожаатига муносабат билдирди. У корхонани ёпиш ўрнига, зарурат туғилса, бошқа жойга кўчириш масаласини кўриб чиқиш мумкинлигини айтган.
8 ноябрь куни Садир Жапаров Қора-Балта шаҳри, Жайил ва Панфилов туманлари аҳолиси билан учрашди. Унда Қора-Балта шаҳрида яшовчи Гулянда Табалдиева президентдан Жундa заводини ёпиш ёки унга ҳавони тозалаш тизимларини ўрнатишни сўради.
Аёлнинг таъкидлашича, корхона атроф-муҳитга зарар етказмоқда. Унинг сўзларига кўра, аҳоли орасида турли касалликлар, жумладан, аллергия ва гипертония кўпайган, одамларнинг сочлари тўкилмоқда.
Жапаров эса фуқароларнинг аксарияти мамлакатда янги корхона ва фабрикалар қурилишини, иш ўринлари яратилишини исташини билдирди.
«Бир томондан, мен уларни кенгайтиришга ҳаракат қиляпман, иккинчи томондан, сиз улардан ёпишни сўраяпсиз. 5–10 фоиз норози. Тўқсон фоизи эса: «Қуринг, очинг, иш ўринлари яратинг, Сингапурни барпо этинг», дейди. Лекин нефтни қайта ишлаш заводларисиз қандай қилиб Сингапурни қура оламан? Мен сеҳргар эмасман», — деди президент.
Унинг қайд этишича, Жундa заводи 2011 йилда қурилган ва Қирғизистоннинг ёқилғи билан таъминланишида муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатда Тўқмоқ–Кемин ҳудудида ҳамда жанубий минтақада яна нефтни қайта ишлаш заводларини қуриш режалаштирилмоқда.








