Ғазода қум уюми чодирлар устига қулади: тўрт киши ҳалок бўлди
Кучли ёмғир оқибатида юз берган ҳодиса Дайр ал-Балаҳ шаҳри жанубидаги кўчирилган оилалар лагерида содир бўлган.

Ғазода кучли ёмғир оқибатида қумли қиялик ўпирилиб, кўчирилган фаластинликлар яшаётган чодирлар устига қулаб тушди. Ҳодиса оқибатида бир аёл ва уч нафар бола ҳалок бўлди, яна олти киши жароҳатланди.
Reuters хабарига кўра, ҳодиса якшанба куни кечқурун Марказий Ғазодаги Дайр ал-Балаҳ шаҳрининг жанубида юз берган. Кучли ёмғир кўчирилган оилалар лагери ёнидаги тошлоқ қумли қияликни ювиб кетган. Ҳалок бўлган болаларнинг иккитаси 8 ва 6 ёшда, яна бири 4 ёшда бўлган.
Ҳодиса жойида қутқарув ишлари олиб борилган. Маҳаллий аҳоли болға ва белкураклар ёрдамида қум-тош уюмларини четга суриб, вайроналар остида қолганларни қидирган.
Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, шанба куни бошланган кучли ёмғирнинг дастлабки соатларидаёқ Ғазода камида 70 мингта чодирни сув босган. БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси эса ҳафта охиридаги ёмғирлар оқибатида бошпаналари ёки буюмлари зарар кўрганини билдирган 26 мингдан ортиқ хонадондан мурожаат келиб тушганини маълум қилган.
Айни пайтда Ғазо аҳолисининг катта қисми чодирларда ёки бомбардимон қилинган бинолар вайроналарида яшамоқда. Ҳудудда қишки ёмғирлар бошланиши билан сув тошқинлари ва бошпаналарнинг қулаб тушиши аҳоли учун қўшимча хавф туғдирмоқда.
Ғазо фуқаро мудофааси хизмати вакили Маҳмуд Басалнинг таъкидлашича, чодирлар аҳолини ёмғир ва иссиқдан ҳимоя қила олмайди. Унинг фикрича, муаммонинг ягона ечими ҳудудни қайта қуришдир.
Reuters қайд этишича, АҚШ воситачилигида ўтган йили эришилган сулҳ келишувида Ғазони қайта қуриш масаласи ҳам кўзда тутилган. Бироқ ҲАМАСни қуролсизлантириш ва Исроил қўшинларини ҳудуддан олиб чиқиш бўйича келишмовчиликлар сабабли бу борада сезиларли силжиш кузатилмаган. Исроил эса ҲАМАС қуролсизлантирилмагунча қайта қуриш ишлари бошланиши мумкин эмаслигини билдирмоқда.








