Қалин туман катта фожиа келтирди: 12 киши ҳалок бўлди
Кўриш масофаси айрим жойларда атиги 10 метргача қисқариши оқибатида Болгарияда йирик йўл-транспорт ҳодисаси юз берди.

Болгариянинг шарқий қисмида жойлашган «Тракия» автомагистралида қуюқ туман туфайли йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Иккита алоҳида тўқнашув оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди, яна 46 киши жароҳатланди.
Associated Press агентлигининг Болгария расмийлари маълумотларига таяниб хабар беришича, ҳодиса 10 ноябрь куни эрталаб, София ва Қора денгиз соҳилидаги Бургас шаҳрини боғловчи автомагистралнинг Ямбол вилояти ҳудудидан ўтувчи қисмида юз берган.
Дастлабки маълумотларга кўра, иккита йирик тўқнашувда жами 86 та транспорт воситаси, жумладан, юк машиналари иштирок этган. Уларнинг 63 таси Бургас йўналишида, 23 таси эса София томон ҳаракатланаётган йўлакда бўлган.
Болгария соғлиқни сақлаш вазири Катя Ивкова маълум қилишича, 10 киши ҳодиса жойида, яна икки киши шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этган. Жароҳатланган 46 киши тиббий муассасаларга етказилган.
Болгария Ички ишлар вазирлиги вакилларининг дастлабки маълумотларига кўра, ҳалокатга тўсатдан кучайган қуюқ туман, йўлнинг намлиги ва об-ҳаво шароитига мос бўлмаган тезлик сабаб бўлган бўлиши мумкин. Гувоҳларнинг айтишича, кўриш масофаси дастлаб 70–80 метр бўлган, кейин эса кескин қисқариб, 10 метргача тушган.
Дастлабки тўқнашув Бургас йўналишида содир бўлган. Унда юк машинаси автобус ҳаракатига тўсқинлик қилган, ортидан бошқа юк машинаси ва енгил автомобиль ҳам тўқнашувга учраган. Қарама-қарши йўналишдаги иккинчи ЙТҲга эса ҳайдовчиларнинг биринчи ҳодисага чалғиши ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Ҳодиса сабаб автомагистралнинг ҳар икки йўналишида ҳаракат вақтинча тўхтатилган. Қутқарув ишларига юзлаб полиция ходимлари, ўт ўчириш хизматлари ва тиббиёт ходимлари жалб қилинган. Ҳодиса юзасидан иккита жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.








