IMEI текшируви билан боғлиқ муаммолар: Тошкент аэропортида телефонларни расмийлаштириш вақтинча тўхтатилди
Божхона қўмитаси телефонлар 30 кунгача олиб қўйилиши ва тезкор расмийлаштириш учун қўшимча тўлов жорий этилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Тошкент халқаро аэропортида хориждан келаётган йўловчиларнинг мобил қурилмалари экспертиза учун 30 кунгача муддатга вақтинча олиб қўйилаётгани ва уларни бир кун ичида расмийлаштириш учун қўшимча тўлов жорий этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Божхона қўмитаси ушбу хабарларга муносабат билдирди.
Қўмита маълум қилишича, сўнгги вақтларда мобил қурилмаларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда IMEI кодларини сохталаштириш, бошқа қурилмаларга тегишли идентификаторлардан фойдаланиш ҳамда бир телефон маълумотлари орқали бошқа қурилмаларни қонунийлаштириш каби қонунбузилиш ҳолатлари кўпайган.
Қайд этилишича, жорий йил бошидан буён «Тошкент-AERO» ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан 185 та ҳолатда қиймати 8,8 млрд сўмлик 1 185 дона уяли алоқа воситасининг ноқонуний олиб кирилиши олди олинган.
Божхона қўмитаси мобил қурилмаларнинг IMEI идентификаторларини, хусусан, IMEI-1 ва IMEI-2 кодлари битта қурилмага тегишли эканини ҳамда ушбу кодлар бўйича аввал тармоқ ҳодисаси содир бўлганини аниқлаш махсус билим ва малака талаб қилишини таъкидлади.
Айни вақтда Тошкент халқаро аэропорти орқали хориждан олиб кирилаётган мобил қурилмаларни божхона расмийлаштируви уларнинг IMEI идентификаторларини аниқлаш ва қонуний олиб кирилганини тасдиқлаш билан боғлиқ айрим масалаларга ойдинлик киритилгунига қадар вақтинча тўхтатилган.
Ушбу масалаларни ҳуқуқий жиҳатдан тўғри ва ягона тартибда ҳал этиш, келгусида қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида тегишли идоралар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилиши белгиланган.
Қўмита вазиятга қисқа муддатларда ойдинлик киритилиши ва божхона расмийлаштируви жараёнларини белгиланган тартибда давом эттириш имконияти яратилишини маълум қилди.








