Мактабда электрон доска учун ота-оналардан пул йиғилдими? Ҳолат ўрганилмоқда
Самарқанддаги мактабда ота-оналардан пул йиғилгани ҳақидаги хабар юзасидан ишчи гуруҳ тузилди.

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги 56-умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчилари ота-оналаридан электрон доска харид қилиш учун 100 минг сўмдан пул йиғилгани, бироқ ушбу маблағлар ҳисобидан телевизор сотиб олингани ҳақида хабар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти таълим ва илм-фан бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ушбу таълим муассасасида ҳозирда 4 та электрон доска мавжуд. Бошқарма умумтаълим мактабларида ҳар қандай мақсадда ота-оналардан пул маблағлари йиғиш қатъиян тақиқланганини эслатди.
Қайд этилишича, ҳолатни атрофлича ўрганиш учун вилоят таълим ва илм-фан бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилган. Ўрганиш натижалари бўйича жамоатчиликка батафсил маълумот берилиши билдирилган.








