50 минг доллар талаб қилинган товламачилик иши: “Demokrat.uz” раҳбари 10,3 йилга қамалди
У билан бирга товламачилик қилган блогер Азиз Ғоипназаров ҳам суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилди.

«Demokrat.uz» интернет нашри раҳбари Фазлиддинхон Меҳмонов ва блогер Азиз Ғоипназаровга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.
11 ноябрь куни чиқарилган ҳукмга кўра, Фазлиддинхон Меҳмонов Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик), 168-моддаси (фирибгарлик) ва 248-моддасида (ўқотар қурол, ўқ-дорилар ва портловчи моддалар муомаласи қоидаларини бузиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Азиз Ғоипназаров эса Жиноят кодексининг 165-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.
Суд ҳукми билан Фазлиддинхон Меҳмоновга 10 йил 3 ой, Азиз Ғоипназаровга эса 10 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Улар жазони умумий тартибли колонияларда ўтайди.
Шунингдек, Фазлиддинхон Меҳмоновдан жиноят оқибатида жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни ундириш белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат юзасидан 2026 йил февраль ойида жиноят иши қўзғатилган эди. Тергов маълумотларига кўра, Азиз Ғоипназаров Сергели туманидаги автосалонлардан бирининг фаолиятини обрўсизлантирувчи видеоматериал тайёрлаб, интернетда жойлаштирган.
Шундан сўнг Фазлиддинхон Меҳмонов ушбу видеолавҳани ижтимоий тармоқлардан ўчириш ҳамда «Demokrat.uz» томонидан тайёрланган, тадбиркор обрўсига путур етказувчи бошқа видеолавҳани ОАВда эълон қилмаслик эвазига жабрланувчидан товламачилик йўли билан жами 50 минг доллар талаб қилган.








