60 минг имзо тўпланди: Жапаров президентликка номзод сифатида рўйхатдан ўтадими?
Унинг номзодини рўйхатга олиш бўйича якуний қарорни Марказий сайлов комиссияси қабул қилади.

Қирғизистоннинг амалдаги президенти Садир Жапаров навбатдаги президентлик сайловида иштирок этиш учун 60 минг сайловчининг имзосини тўплади. Бу номзодни рўйхатга олиш учун талаб этиладиган энг кам кўрсаткичдан икки баравар кўп.
Қирғизистон Марказий сайлов ва референдумлар комиссияси маълумотларига кўра, Жапаров имзо тўплашнинг белгиланган максимал сонига эришган. Президентликка номзод рўйхатдан ўтиши учун камида 30 минг сайловчининг қўллаб-қувватлашини олиши керак.
Имзолар анъанавий шаклда ҳамда «Тундук» давлат портали орқали электрон тарзда йиғилмоқда. Бироқ белгиланган миқдордаги имзоларни тўплаш номзоднинг автоматик равишда рўйхатдан ўтишини англатмайди. Якуний қарор Марказий сайлов комиссияси ҳужжатларни текшириши ва қонунчиликдаги барча талаблар бажарилганини тасдиқлашидан сўнг қабул қилинади.
Садир Жапаров 10 ноябрь куни ўз номзодини илгари сурган. Номзодларни кўрсатиш жараёни 13 ноябргача давом этади.
Қирғизистонда президентлик сайловлари 2027 йил 27 январь куни бўлиб ўтиши белгиланган.








