6000 дан ортиқ мактабда ваҳима: Италияда оммавий бомба таҳдидлари текширилмоқда
Мамлакатдаги мактабларга бомба қўйилгани ҳақида аноним хатлар юборилди.

11 ноябрь куни Италиядаги 6300 га яқин давлат мактабига биноларга бомба қўйилгани ҳақида аноним электрон хатлар келиб тушди. Хабарлар ортидан юзлаб таълим муассасаларида ўқувчилар ва ходимлар эвакуация қилинди. Текширувлар давомида ҳеч бир ҳолатда ҳақиқий хавф аниқланмади.
ANSA хабарига кўра, таҳдидли хатлар мамлакатдаги 7476 та давлат мактабининг қарийб 6300 тасига юборилган. Бу барча давлат таълим муассасаларининг 84 фоизидан ортиғини ташкил этади. Айрим хатлар спам папкаларига тушган.
Мактаб маъмуриятлари биноларни зудлик билан бўшатишга қарор қилган. Полиция, карабинерлар ва бомба зарарсизлантириш бўйича мутахассислар воқеа жойларига юборилган.
Италия таълим вазири Жузеппе Вальдитара ҳозирча аниқ хавф мавжуд эмаслигини маълум қилган. Таҳдидли хатларни юборган шахсларни аниқлаш бўйича тергов бошланган.
Бош вазир Жоржа Мелонининг айтишича, дастлабки текширувлар ҳақиқий таҳдид белгиларини аниқламаган. Унинг фикрича, хатлар ваҳима ва хавотир уйғотишга қаратилган бўлиши мумкин. Бош вазир 12 ноябрь куни мухолифат етакчилари билан ҳам учрашиб, улар билан маълумот алмашади.
Шу куни Ирландия, Шотландия ва Шимолий Ирландиядаги айрим мактабларга ҳам бомба таҳдиди ҳақида хабарлар келиб тушган. Шимолий Ирландия полицияси шошилинч текширув ўтказган ва кейинчалик ушбу хабарлар ишончли таҳдид туғдирмаганини билдирган.








