Исроил Ғазодаги шифохонага зарба берди: жарроҳ ва яна беш киши ҳалок бўлди
БМТ эса кучли ёмғирлар туфайли бошпанасиз қолган аҳоли учун Ғазога зудлик билан чодирлар етказишга чақирди.

12 ноябрга ўтар кечаси Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ғазо секторининг жанубидаги Носир тиббиёт мажмуасига зарба берди. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги ва фуқаро муҳофазаси хизмати маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида камида олти нафар фаластинлик, жумладан, жарроҳ Ризқ Абу Шаира ҳалок бўлган, 20 киши яраланган.
Шифохона директори Раэд ал-Даҳшаннинг айтишича, ракета бино ичига юқоридан кириб, бир неча қаватни тешиб ўтган ва катта вайронагарчиликка сабаб бўлган. Зарба натижасида жарроҳлик ҳамда интенсив терапия бўлимлари жиддий зарар кўрган. У жароҳатланганларнинг аҳволи оғирлиги сабабли қурбонлар сони ортиши мумкинлигини билдирган.
Al Jazeera мухбири Ҳинд Хударининг хабар беришича, ҳалок бўлган ва яраланганларнинг аксарияти беморлар бўлган. Улар орасида эртаси куни операция қилиниши режалаштирилган беморлар ҳам бор.
Носир тиббиёт мажмуаси Хон Юнис шаҳридаги фаолият юритаётган ягона шифохона бўлиб, Ғазонинг жанубидаги камида 500 минг кишига хизмат кўрсатади. Мухбирнинг қайд этишича, бу Исроилнинг сўнгги икки йил ичида мазкур тиббиёт муассасасига еттинчи ҳужумидир.
Исроил армияси ҳужум вақтида шифохонада бўлган ҲАМАС қўмондонини нишонга олганини маълум қилди. ҲАМАС эса зарбани халқаро ҳуқуқ билан ҳимояланган фуқаролик тиббиёт муассасасига қарши содир этилган “ҳарбий жиноят” деб атади.
Ҳаракат воситачилар ва АҚШ маъмуриятини Исроилнинг сулҳ келишувини бузиш ҳолатларига чек қўйиш учун чоралар кўришга чақирди.
Ғазода 2025 йил октабр ойида сулҳ кучга кирганига қарамай, Исроил ҳужумлари давом этмоқда. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, шу даврдан буён Исроил зарбалари оқибатида камида 1 600 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.
Ғазонинг бошқа ҳудудларидаги ҳужумлар
Носир тиббиёт мажмуасига берилган зарбадан олдин, чоршанба куни Исроилнинг Ғазо секторидаги бошқа ҳужумлари оқибатида яна етти нафар фаластинлик ҳалок бўлган.
Жумладан, Ғазо шаҳрининг жанубидаги Сабра маҳалласига берилган ҳаво зарбаси оқибатида 38 ёшли Муҳаммад Салем ад-Дааш ҳалок бўлган. Марказий Ғазодаги Бурейж қочқинлар лагери шарқида бир киши Исроил ҳарбийлари томонидан отиб ўлдирилган. Ғазо шаҳрининг шимоли-ғарбидаги Наср маҳалласида эса дрон ҳужуми оқибатида яна бир фаластинлик ҳалок бўлган.
Шунингдек, Шайх Радван маҳалласида кўчирилган аҳоли яшаётган чодирга берилган зарба оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган, бир неча киши яраланган.
Al Jazeera мухбири Ҳинд Худари ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли вакиллари, жумладан, кундалик эҳтиёжларини қондиришга уринаётган одамлар ҳам ҳалок бўлаётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, сув идишини тўлдираётган бир киши дрон зарбасидан ҳалок бўлган. Бошқа бир ҳужумда эса ал-Абси оиласига мансуб икки ака-ука ал-Жалаа кўчасидаги чодирда бошпана топган пайтида ўлдирилган.
БМТ Ғазога қўшимча ёрдам етказишга чақирди
Исроил ҳужумлари Ғазода кучли ёмғирлар оқибатида юзага келган гуманитар вазият кескинлашган бир пайтда давом этмоқда. Ғазо ҳукуматининг Матбуот хизмати маълумотларига кўра, дам олиш кунлари ёққан ёмғир оқибатида камида 70 мингта чодирни сув босган.
UNICEF маълумотларига кўра, сўнгги кунларда ёғингарчилик Ғазода камида 106 минг кишига бевосита таъсир кўрсатган. Минглаб кўчирилган фаластинликларнинг чодирлари сув остида қолган, вақтинчалик ҳожатхоналардан оқова сувлар эса аҳоли яшаётган лагерларга тарқалган.
Нодавлат ташкилотлар ва маҳаллий муассасалар инқирозни бартараф этиш учун етарли маблағ ва имкониятларга эга эмаслигини билдирган. Шу билан бирга, Исроил зарур гуманитар ёрдамнинг Ғазога киришини чеклашда давом этмоқда.
БМТ бош котиби матбуот котиби ўринбосари Фарҳан Ҳақ ёрдам юкларини, жумладан, чодирларни Ғазога олиб кириш учун Исроил расмийларининг рухсати зарурлигини таъкидлаган.
БМТнинг Гуманитар масалалар бўйича раҳбари Том Флетчернинг айтишича, Ғазога ёрдам етказишни қўллаб-қувватлаётган айрим давлатлар қишки мавсум учун зарур маҳсулотларни Исроилда янги ҳукумат шакллантирилгунига қадар юборишни кечиктириш кераклигини билдирган.
“Бу мақбул баҳона эмас”, — деган Флетчер ёрдам етказишнинг кечиктирилиши, тўсиб қўйилиши ва молиялаштиришнинг қисқартирилиши оқибатларини қайд этиб.
Италия ташқи ишлар вазири Антонио Тажани эса 11 ноябрь куни Рим сув тошқинларидан жабр кўрган Ғазо аҳолисига шошилинч ёрдам кўрсатиш учун 5 миллион евро (5,5 миллион доллар) миқдоридаги фавқулодда ёрдам дастурини бошлаганини маълум қилган.








