Бемор болалар деворларни тозалашга жалб қилинди: ССВ ходимларга чора кўради
Ўрганиш якунларига кўра, бунга йўл қўйган ходимларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиши билдирилган.

Ижтимоий тармоқларда Республика болалар тиббий реабилитация марказида айрим бемор болалар йўлак деворларини тозалаётгани акс этган видео тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Вазирлик маълумотига кўра, дастлабки ўрганишларда воқеа 2026 йил 11 ноябрь куни содир бўлгани аниқланган. Ўша куни соат 07:20 да ишга келган бўлим хўжалик бекаси М.А. йўлак деворларида оёқ изларини кўрган. Шундан сўнг бунга сабабчи бўлган болалар деворларни тозалаш ишларига жалб қилинган.
Республика болалар тиббий реабилитация маркази жорий йил март ойидан фаолият юритади. Муассаса 18 ёшгача бўлган беморларга асаб тизими, ортопедия, нафас йўллари ҳамда ошқозон-ичак касалликлари бўйича реабилитация хизматларини кўрсатади.
ССВ томонидан ҳолатни ўрганиш учун ишчи гуруҳ тузилган. Ўрганиш якунларига кўра, бунга йўл қўйган ходимларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиши билдирилган.








