Мирзиёев Туркияга ташрифи доирасида Грузия Президенти билан учрашди
Учрашувда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев Туркияга амалий ташрифи доирасида Грузия Президенти Михаил Кавелашвили билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, жорий йилнинг 2–3 июль кунлари Ўзбекистон Президентининг Грузияга давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакат парламентлари, вазирликлари, идоралари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Таъкидланганидек, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони изчил ортиб бормоқда. Ўзбекистонда грузиялик инвесторлар иштирокида ташкил этилган рақамли банк ҳам фаолият юритмоқда.
Учрашувда товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, туризмни кенгайтириш ва транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, икки мамлакат ҳудудларини иқтисодий ҳамкорликка кенг жалб этиш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.








