Қозоғистонга сафарлар осонлашадими? Икки давлат чегарадан ўтиш тартибини муҳокама қилди
QazETA тизимида ўзбекистонликларга имтиёз берилиши мумкин.

Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароларнинг ўзаро сафарларини осонлаштириш, жумладан, давлат чегарасини шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ёрдамида кесиб ўтиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
11 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Қозоғистоннинг мамлакатимиздаги элчиси Ерал Туғжанов билан учрашди.
Музокараларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ўзаро саёҳатларни енгиллаштириш ҳамда давлат чегараларини кесиб ўтишдаги тўсиқларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, чегарадан ўтишда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлардан фойдаланиш имконияти юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, Қозоғистонда жорий этилаётган QazETA электрон кириш рухсатномаси тизимида Ўзбекистон фуқаролари учун айрим имтиёзлар бериш имконияти ҳам кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Қозоғистонда Ўзбекистон фуқароларини уюшқоқлик билан ишга жойлаштириш, тегишли қонунчилик базасини такомиллаштириш ва фуқароларнинг икки давлат ҳудудида бўлиши учун қулай шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар мулоқотни давом эттириш ва белгиланган йўналишларда амалий ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар.








