Ичкаридан тузилган режа барбод бўлди: Тошкентда ўқув марказини тунамоқчи бўлган уч киши ушланди
Собиқ қўриқчи икки шериги билан аввал ишлаган ўқув марказига босқинчилик қилишни режалаштирган.

Тошкент шаҳридаги ўқув марказларидан бирида сақланаётган катта миқдордаги пулни босқинчилик йўли билан қўлга киритишни режалаштирган уч нафар шахс қўлга олинди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбирлар давомида жиноят режасининг ташкилотчиси 1995 йилда туғилган, аввал мазкур ўқув марказида қўриқчи бўлиб ишлаган шахс экани аниқланган.
Гуруҳ аъзолари ўзаро вазифаларни тақсимлаб олган. Собиқ қўриқчи марказ ичидаги вазиятни ўрганиб, пул сақланадиган жой ҳақида шерикларига маълумот бериши, бошқа иштирокчи эса электр таъминотини узиши керак бўлган.
Режага кўра, ниқоб таққан гуруҳ аъзолари бинога кириб, пулларни қопларга жойлаштириши ва ижарага олинган автомобилда олиб чиқиб кетиши лозим эди. Улардан бири жиноятни яшириш ва гувоҳларни чалғитиш мақсадида аёллар кийимида бўлишни ҳам режалаштирган.
Шунингдек, улар ўғирланган пулларни қўлга киритгач, Фарғона вилояти орқали қўшни республикалардан бирига чиқиб кетишни мўлжаллаган.
Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари жиноятнинг олдини олиб, гуруҳ аъзоларини қўлга олди.
Тезкор тадбир давомида жиноят учун тайёрланган ниқоблар, болға, қоплар, қўлқоплар, рациялар, эшикларни очишга мўлжалланган махсус мосламалар, калит нусхалари ҳамда хорижга чиқиш паспорти ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








