Бир ўриндиқ сабабли можаро: Тошкентда икки эркак 3 суткага қамалди
Метрода жой бермагани учун йўловчини ҳақорат қилган ва кейинчалик унинг ортидан борган эркакларга жазо тайинланди.

Тошкентда метрода бир йигитни ҳақорат қилиб, кейинчалик таъқиб қилган икки эркакка нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Чилонзор йўналишидаги метрода йўловчилар ўртасида низо келиб чиққан. Фуқаро А. бошқа йўловчи унга ўрнини бўшатиб бермаганидан норози бўлиб, уни турли уятли сўзлар билан ҳақорат қилган ва оғзаки жанжаллашган.
Бироқ можаро шу билан тугамаган. А. йигитнинг ортидан бориб, Чилонзор туманидаги овқатланиш шохобчаси яқинида ҳам уни ҳақорат қилишда давом этган. ИИББ маълумотига кўра, у жамоат жойида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаган.
Воқеа акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлган. Кейинчалик жабрланувчи видеони унинг рухсатисиз Instagram саҳифасига жойлаштиришганини айтган.
Ҳуқуқбузарлардан бири видеони контент ва лайклар учун жойлаштирганини билдирган. У содир бўлган воқеадан афсусда эканини айтиб, жабрланувчидан ва бошқалардан узр сўраган. Иккинчи эркак ҳам пушаймонлигини билдирган.
Чилонзор тумани жиноят ишлари бўйича суди ҳуқуқбузарларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан айбдор деб топиб, ҳар бирига уч суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.








