Дориларни рецептсиз олиш тартиби ўзгарди: янги мезонлар белгиланди
Энди икки ёки ундан ортиқ фаол моддали дорилар ҳам рецептсиз сотиладиган тоифага киритилилади.

Ўзбекистонда дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз бериладиган тоифаларга ажратиш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Янги тартибга кўра, икки ёки ундан ортиқ фаол моддадан иборат дорилар ҳам рецептсиз сотиладиган воситалар тоифасига киритилиши мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Вазирлик Дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат 2026 йил 12 ноябрда 3430-2-сон билан рўйхатга олинган.
Янги ҳужжат билан дори воситаларини рецептсиз бериладиган тоифага киритиш мезонлари такомиллаштирилди. Бунда қуйидаги омиллар ҳисобга олинади:
-
Дори воситасини тиббиёт ходимининг доимий кузатувисиз мустақил ва хавфсиз қўллаш имконияти;
-
Нотўғри қўллаш, дозани ошириб юбориш, суиистеъмол қилиш ёки қарамликни келтириб чиқариш хавфининг пастлиги;
-
Қўллаш йўриқномасидаги маълумотларнинг истеъмолчи учун аниқ, тўлиқ ва тушунарли бўлиши;
-
Фармаконазорат ва постмаркетинг назорати натижалари;
-
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эътироф этилган тартибга солувчи органлар томонидан дори воситасининг рецептсиз бериладиган тоифага киритилгани.
Шунингдек, икки ёки ундан ортиқ фаол модда бирикмасидан иборат дори воситалари ҳам рецептсиз бериладиган тоифага киритилиши мумкин. Бунда ҳар бир фаол модданинг даволашдаги ҳиссаси, комбинациянинг фойда ва хавф нисбати, клиник жиҳатдан асосланганлиги, шунингдек, моддалар ўртасидаги ўзаро таъсир, дозани ошириб юбориш ва нотўғри қўллаш хавфлари баҳоланади.
Яна бир ўзгаришга кўра, дори воситасини рецепт билан бериладиган тоифадан рецептсиз бериладиган тоифага ўтказиш рад этилган тақдирда, ариза берувчи айрим ҳолатларда уч йил кутмасдан қайта мурожаат қилиши мумкин.
Бунинг учун рад этиш асослари бартараф этилган ёки дори воситасининг хавфсизлиги ва самарадорлигига оид янги маълумотлар олинган бўлиши керак.
Бундан ташқари, ваколатли орган дори воситасининг хавфсизлиги ва самарадорлигига оид янги маълумотлар, фармаконазорат ҳамда постмаркетинг назорати натижалари ва қонунчиликдаги ўзгаришларни ҳисобга олиб, унинг тоифасини қайта кўриб чиқиши мумкин.








